Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами арафасида республикамизнинг кўплаб ҳудудларида янги турар жойлар мактаблар, боғчалар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Бундай ҳайрли ишлар Бухоро вилояти ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда.

Жумладан, байрам арафасида Кадастр агентлиги Бухоро вилояти Вобкент тумани бўлимининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Очилиш тадбирида давлат кадастрлар палатаси ва агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси раҳбарияти, туман масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олганларистиқлол айёмига вобкентликларга юқори даражадаги кадастр хизмати кўрсатиш учун ўзигахос туҳфа бўлган замонавий иншоот билан барчаниқутлади.
Қурилиш бунёдкорлик ишларига 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланиб, филиал янги мебель ва замон талабига мос техник воситалар билан ҳам жиҳозланди. Фойдаланишга топширилган кўркам бинода ўттизга яқин мутахассис-ходим фаолият юритиб, бу ерга мурожаат билан келаётган аҳоли вакиллари учун барча шарт-шароит яратилган.
***
Бухоро вилояти Бухоро туманида Инвестиция дастури асосида давлат бюджетидан ажратилган 5 миллиард 600 миллион сўм маблағ ҳисобига “Шехонча” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 17-сонли умумтаълим мактабининг 620 ўринли биноси замон талабларига мос ҳолда тўлиқ қайта таъмирланди. Бу ишларда пудратчи сифатида “Капитал сифат қурилиш сервис” МЧЖнинг моҳир қурувчилари алоҳида жонбозлик кўрсатди. Эндиликда мазкур янги замонавий андозадаги, ҳар томонлама шарт-шароит яратилган таълим муассасасида 60 нафар ўқитувчи баркамол авлод вакилларига сабоқ беради.


Мактаб янги ўқув биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги мутасаддилар, туман фаоллари, мактаб ўқитувчилари, маҳалла нуронийлари ҳамда ота-оналар иштирок этди.

– Мамлакатимиз Президентининг соҳага қаратаётган эътибори ва ғамхўрлиги туфайли таълим даргоҳимиз ўқув бинолари қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилгани маҳалладошларимиз, айниқса, ўқитувчилар ва улар шогирдларини жуда хурсанд қилди. Янги замонавий бино қурилиши билан муассасада таълим-тарбияни бугунги замон талаблари даражасига кўтариш учун барча шарт-шароит ҳозирланди. Бу эса биз муаллимлар зиммасига шундай, янги имкониятларга мос фаолият олиб боришдек масъулиятни юклайди. Мактаб Янги Ўзбекистоннинг тараққий этган келажагини яратишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади, – дейди мактаб директори Зулфия Шахобова.
***
Байрам арафасида Бухоро вилояти Когонтумани “Сараён маҳалла маркази” биносифойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар ҳудуд аҳолисини замонавий қиёфадаги, кўркам маҳалла биноси билан муборакбод этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни халқчил тузилмага айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Янги қурилган маҳалла биносида маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд. Уларнинг ҳар бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган. Хусусан, мазкур кўркам бино 3 қават ҳамда ер тўла қисмидан иборат бўлиб, биринчи қават аёллар ва эркаклар учун алоҳида гўзаллик салони ва савдо дўкони, иккинчи қаватасосан ўқув марказларига ажратилган бўлиб, унда касбга йўналтириш маркази ва фитнес зали ҳамда учинчи қаватда тикув цехи, кийимларни кимёвий тозалаш хонаси ва ёшлар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун IТ маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур маҳалла биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Gʻijduvon Texstroy Progress Plus” МЧЖ тажрибали қурувчилари томонидан жами 4 миллиард 500 миллион сўмга яқин маблағ эвазига бунёд этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова, туман ҳокими Отабек Қазоқов бошқа масъул мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири