Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
JICA вакиллари Бухорода
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA вакиллари Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида бўлди. Меҳмонлар марказда яратилган шарт-шароит билан танишди ва бўлимларда мутахассислар билан суҳбат ўтказди. Шунингдек, даволаш-диагностика, кечиктириб бўлмайдиган тиббий масалалар, ҳамда ҳамкорликни амалга ошириш борасида мақсадли режалар тузилди.
Айни кунда тиббиётда нафақат тезкор ишланмалар, замонавий клиник протоколларнинг жорий этилаётгани замонавий лабораторияларни шакллантириш, вилоят аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат даражасини оширишга хизмат қилмоқда.


Халқаро даражадаги сертификат
Бухоро давлат университетининг Туризм таълим дастурлари UNWТО ТеdQual халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди.
UNWТО ТеdQual квалификацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWТО) томонидан дунё бўйлаб таълим муассасаларида малака ошириш дастурлари сифатини таъминлаш учун бериладиган халқаро даражадаги сертификатдир. ТedQual Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWТО) аккредитацияси бўлиб, UNWТО.ТedQual Тhemis фонди томонидан амалга оширилади. Сертификатлаш мезонлари туризм соҳасидаги ўқув дастурларининг сифати, самарадорлиги ва ўқув жараёнларига, академик секторда, талабалар ва ташқи ҳамкорларга, давлат ва хусусий секторларга тегишлилигини ўз ичига олади.
– Туризм ва меҳмондўстлик таълимини халқаро аккредитациядан ўтказиш кўп қиррали истиқболга эга, – дейди университетнинг Ахборот хизмати бўлими бошлиғи Отабек Жалолов. – Бухоро давлат университети учун халқаро аккредитация Туризм ва меҳмондўстлик йўналиши дастурларининг сифатини яхшилашга, таълим йўналиши жозибадорлигини ва глобал миқёсда рақобатбардошликни кафолатлайди.

Ўзаро ҳамкорлик алоқалари
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Acharya Group”нинг асосчиси ва раиси Премнатҳ Редди Басанини қабул қилди. Ўзаро мулоқотда ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Ҳоким “Acharya Group” билан амалга оширилаётган лойиҳа вилоятда замонавий ахборот технологияларини янги босқичда ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида Премнатҳ Редди Басани жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.


Ўзбекистонда, хусусан, Бухорода инвесторлар учун яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди. Шунингдек, Шофиркон туманида қурилиши бошланган клиника ҳузурида тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, қолаверса, дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш, электротехника маҳсулотларини ҳамда тиббиётда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, озиқ-овқатни қайта ишлаш каби бир қанча йўналишларга инвестиция киритиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.