“Бухоро тажрибаси”: Яширин иқтисодиётга қарши рақамли инқилоб
Яширин иқтисодиёт ҳар қандай мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқдир. У давлат бюджети даромадларининг камайиши, инсофли тадбиркорлар манфаатларининг чекланиши, рақобат муҳитининг бузилиши ва инвестициявий жозибадорликнинг пасайишига сабаб бўлади.
Шу боис бугун Янги Ўзбекистонда мазкур иллатга қарши курашишда эски усуллар эмас, балки рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларига таянган замонавий ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борада Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар нафақат республика, балки халқаро миқёсда ҳам эътиборга лойиқ намунага айланиши кутилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чорак якунлари ҳамда йил охирига қадар амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг аниқ методологияси белгилаб берилган эди. Давлат раҳбари барча ҳудудларда ишларни шу тизим асосида ташкил этиш, айниқса, бу соҳада “Бухоро тажрибаси”ни шакллантириш зарурлигини алоҳида таъкидлаганди.
Ушбу топшириқлар ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги Рақамли бошқарув марказида яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Тадбирда Бухоро шаҳрининг тарихий Эски шаҳар ҳудудини рақамлаштириш асосида яратилаётган замонавий электрон платформанинг имкониятлари кенг тақдим этилди. Янги рақамли тизим сайёҳларга меҳмонхоналар, ресторанлар, миллий ҳунармандчилик дўконлари, маданий мерос объектлари ва бошқа хизматлар ҳақида тезкор, аниқ ҳамда ишончли маълумот тақдим этади. Бу эса туристлар учун қулайлик яратиш билан бирга, тадбиркорлар фаолияти самарадорлигини ошириш, мижозлар оқимини кўпайтириш ва хизматлар сифатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур платформа фақат туризмга хизмат қилмайди. У яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг самарали рақамли воситаси сифатида ҳам ишлайди. Платформа орқали хизматлар ҳисобини тўлиқ юритиш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда давлат, тадбиркор ва истеъмолчи манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш имкони яратилади.

Тизимнинг таҳлилий имкониятлари янада эътиборлидир. У туризм соҳасидаги субъектларни автоматик тарзда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиб, хавф даражасини баҳолайди. Шу орқали лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий айланмани яшириш, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини камайтириб кўрсатиш, рентабеллик ҳамда фойдани сунъий равишда пасайтириш каби хавф-хатарлар инсон аралашувисиз автоматик тарзда аниқланади.
Бу эса назорат органлари фаолиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Энди текширувлар тасодифий эмас, балки рақамли таҳлилларга асосланган ҳолда манзилли ташкил этилади. Масъул идораларнинг куч ва воситалари айнан хавф юқори бўлган нуқталарга йўналтирилади, инсон омили эса сезиларли даражада қисқаради. Натижада шаффофлик таъминланиб, коррупция хавфи ҳам камаяди.
Тақдимот давомида вилоят ҳокими Ботир Зарипов платформани янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, интерактив хариталарни ривожлантириш, кўп тилли хизматларни жорий этиш, онлайн брон қилиш ва электрон тўлов имкониятларини кенгайтириш орқали уни маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янада жозибадор қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари яширин иқтисодиётни қисқартиришда асосий эътибор рақамлаштириш, давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш, инсон омилини минималлаштириш ҳамда назоратни манзилли ташкил этишга қаратилиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, масъулларга қисқа муддатда мавжуд ахборот тизимларини ягона платформага интеграция қилиш, барча соҳаларни мазкур тизим билан қамраб олиш ва уни тўлиқ ишга тушириш вазифаси юклатилди. Барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат муҳитини шакллантириш, яширин иқтисодиётга қарши курашишда мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш ҳамда назорат механизмларини янада кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Бугун Бухорода яратилаётган ушбу рақамли ечим оддий ахборот платформаси эмас. У иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлайдиган, ҳалол тадбиркорни қўллаб-қувватлайдиган, инвесторлар ишончини мустаҳкамлайдиган ва давлат бошқарувини янги босқичга олиб чиқадиган интеллектуал тизимдир. Агар мазкур тажриба кутилган натижани берса, “Бухоро тажрибаси” мамлакат бўйлаб яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг энг самарали модели сифатида кенг татбиқ этилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири