Бувижонлар ўгити барчага ўрнак
Бухорода “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашининг давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда жамоатчилик кенгашининг аъзолари, туман, шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларининг кексалар, фахрийлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари қатнашди.
Кенгашнинг асосий мақсади нуроний онахонларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенг жалб этиш орқали оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшларни имон-эътиқодли, миллий одоб ва урф-одатлар руҳида тарбиялаш, маҳалла ва таълим муассасаларида ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлашда уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланишдан иборат.
Кенгаш томонидан йигит ва қизларни оила қуришга руҳий-маънавий жиҳатдан тайёрлашга кўмаклашилмоқда. Оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ташкил этилмоқда. Оиланинг муқаддаслиги ва жамиятнинг асосий бўғини эканлигини ёшлар онгига сингдиришга қаратилган ташвиқот ишларини амалга ошириб келинмоқда. Кекса нуроний онахонларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни тартибли ташкил этишда ҳамда ўтказишда йўл-йўриқлар кўрсатилмоқда.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фуқаролар йиғинига кўмаклашиб, маҳалла ҳудудидаги муаммоли оилаларни аниқлаш, улардаги оилавий келишмовчиликлар, қайнона-келин, келин-куёвлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар, жумладан, қизлар билан алоҳида тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. Маҳалла ва таълим муассасаларида ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларни миллий қадриятлар асосида тарбиялашда кўмаклашилмоқда.
Бувижонлар мактаби туман ва шаҳар кесимида низоли оилаларни 34 фоизини яраштиришга эришилган. Ёш қизларимизни турмушга тайёрлаш мақсадида турли давра суҳбатлари ташкил қилинган. Тўйларни ихчамлаштириш масаласида маҳалаларда тушунтириш ишлари олиб борилган. Ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида китобхонликка жалб қилинган.
Давра суҳбатининг асоси “Қайнонам онам” мавзусига бағишлади. Зеро ёшлар ўртасидаги муносабатнинг мустаҳкамлиги қайнонага ҳам боғлиқ.
Шунингдек, Бухоро шаҳрининг Мутал Бурхонов маҳалласида шаҳар ва маҳалланинг бувижонлари мактаби фаолияти бўйича қилинган ишлар ҳисоботи берилди. Бувижонлар томонидан кўргазмали ярмаркалар ташкил қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА