Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан учрашув ўтказилди
Ёшларни гиёҳвандликдан асраш — келажакни ҳимоялаш. Яккасаройда ўтган муҳим учрашув бу иллатга қарши курашда ҳар биримизнинг масъулиятимизга урғу берди.
26 июнь – Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан Яккасарой туманида ёшларни зарарли иллатлардан асраш, уларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини янада оширишга қаратилган муҳим маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Тўқимачилик ва енгил саноат институтида ташкил этилган тадбир Яккасарой туман ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар суди ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг гиёҳвандликка қарши курашиш масаласига бағишланган мурожаати намойиш этилди.
Мурожаатда гиёҳвандлик инсон ҳаёти, оила ва жамият келажагига жиддий таҳдид экани, бу иллатга қарши кураш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, янги қонун орқали гиёҳванд моддаларнинг замонавий тарқатиш усулларига қарши кескин чоралар белгилангани, айниқса, вояга етмаганларни ҳимоя қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилгани қайд этилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда бу иллатнинг инсон саломатлиги ва жамият тараққиётига салбий таъсири ҳақида атрофлича фикр билдирди.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, иштирокчиларни бефарқ бўлмасликка, ёшлар тарбияси ва келажаги учун биргаликда масъулиятни ҳис этишга ундади.
Зеро, гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифаси.
Шербек Исломов,
ЎзА