Булунғурда помидор сайли
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида анъанавий “Помидор сайли” фестивали ўтказилди.
Тумандаги фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга Самарқанд вилоятининг бошқа ҳудудларидан келган соҳа вакиллари нафақат помидор, балки бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини намойиш этди.
– Помидор халқимиз дастурхонининг кундалик ажралмас неъмати бўлиш билан бирга вилоятимиз аграр тармоғи ва экспорт салоҳиятини белгилаб берувчи стратегик маҳсулот, – деди фестивалда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ботир Жабборов. – Вилоятимизда ҳар йили юз минг тонналаб сифатли ва харидоргир помидор етиштирилиб, ички истеъмол бозорини тўлдириш билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Айни пайтда вилоятимизда помидорни қайта ишловчи 20 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда бу маҳсулотни нафақат саноат асосида қайта ишлаш, балки табиий усулда қуритиб, қоқи қилган ҳолда экспорт қилиш салмоғи ошмоқда. Бу борада, айниқса, Булунғур тумани фермер ва томорқачиларининг тажрибаси ошиб бормоқда.
Булунғур туманидаги барча тоифадаги хўжаликларда ҳар йили минг гектардан ортиқ майдонда помидор етиштирилиб, гектаридан ўртача 350-400 центнердан ҳосил олинмоқда. Фозил Йўлдош маҳалласида фаолият юритиб келаётган, республикамизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, қўшни давлатлардан ташриф буюрувчи фуқаролар учун ҳамёнбоп нархларда помидорнинг турли навларни шунингдек, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни харид қилиш имконини берувчи бозор фаолият юритмоқда.
– Жорий йилда туманимиздаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томонидан очиқ майдонларда помидорнинг касалликларга чидамли, серҳосил ва экспортбоп “Модера”, “Универсал”, “Ламия”, “Волгоград”, “Черри” каби навлари, шунингдек, замонавий иссиқхоналарда ҳосилдор “Дафнис” F1 ва “Парадайс” F1 дурагайлари парваришланмоқда, – дейди Булунғур тумани ҳокими Самандар Астанов. – Йилига ўртача 40 минг тоннага яқин помидор етиштирилиб, унинг 40 фоизи экспорт қилинмоқда Шунингдек, ҳудудда махсус ихтисослашган помидор бозори ва логистика маскани ташкил этилгани қўшни вилоятлар ва республикамизнинг барча ҳудудларини сифатли маҳсулот билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳозирда бу ердан Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё, Навоий, Бухоро, Фарғона водийси ҳамда жанубий вилоятларга бир кунда ўртача 400-500 тонна янги узилган помидор етказиб берилмоқда. Биз бу борадаги фаолиятни замон талаблари асосида йўлга қўйиб, “Булунғур помидори” брендини нафақат минтақамизда, балки халқаро бозорларда ҳам юқори нархларда сотиладиган ва харидоргир маҳсулотга айлантирамиз.
[gallery-31520]
Фестивалда Булунғур туманида етиштириладиган ва ўзига хос таъм ҳамда сифат кўрсаткичлари билан ажралиб турадиган маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, уларнинг нуфузини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Булунғур картошкаси”, “Булунғур помидор қоқиси” ва “Булунғур кулчатойи” географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олингани маълум қилинди ҳамда бу ҳақдаги гувоҳнома туман ҳокимига топширилди.
Тадбир давомида деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлар ва логистика тармоғи вакиллари ўзаро фикр ва тажриба алмашди. Хорижлик туристлар эса намойиш этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан татиб кўриш имкониятига эга бўлди.
Фестиваль якунида иштирокчилар бир қатор номинациялар бўйича рағбатлантирилди ва концерт дастури намойиш этилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари