Бугун туғилган кун
Шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шодмонқул Салом 1980 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган.
23 декабрь
Шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шодмонқул Салом 1980 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган.
Шодмонқул Салом 2003 йил Термиз Давлат университетининг Кимё факультетини, 2005 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Олий адабиёт курсини тамомлаган.
У “Чағониён”, “Китоб дунёси” газеталари, “Саодат” журналида ишлаган. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар” шеърий, “Оққапчиғай тўлқинлари”, “Кўнгил обидасига йўл”, “Улкан бобо гурунглари” эсселар тўпламлари чоп этилган.
Шодмонқул Салом “Маънавий ҳаёт” журналида фаолият олиб бормоқда.
Шодмонқул САЛОМ
БОР
Элдан шувут юзим бор,
Ҳақдан қарздор сўзим бор.
Қудрат йўқдир, тўзим бор,
Ўртасида ўзим бор.
1
Ёш боладай отам бор,
“Онам“лаган мотам бор.
Қисматдан гоҳ ситам бор,
Ўнглаб бўлмас хатом бор...
Руҳимда бир маъдан бор,
Соғинч деган қатлам бор.
Қоғоз узра қалам бор,
Ҳали қанча чалам бор...
Босилмаган алам бор,
Етилмаган яллам бор.
Кўзёшлардан унгану
Ёмғир кутган далам бор...
Гоҳ адашган муллом бор,
Юмалаган саллам бор,
Битмайгина турибди,
Кўнгил деган қалъам бор...
Бир ичи тор олам бор,
Исёни мўл одам бор.
Ватандан ташқарида
Тентираган болам бор...
Саломим бор, видом бор,
Кўп алағда Худом бор.
Тонгдан шомга жўнаган,
Етолмаган қадам бор...
2
Ёлғиз отдай оғам бор,
Шони ўчмас жиғам бор.
Яратгандан уч туҳфа –
Уч покиза жилғам бор...
3
Тўртта опа-сингил бор,
Тўрт қалдирғоч кўнгил бор,
Тўртта сувсаган гул бор,
Тўрт дуогўй булбул бор...
Бир дам тинмас довул бор,
Довулда қолган Дил бор.
Унинг муроди надир?
Билгунимча қирқ йил бор...
Тўрт томонда тўрт йўл бор,
Ҳар бирида манзил бор.
Манзилларнинг номи не?
Англагунча қирқ йил бор...
Шаҳарлар бор, овул бор,
Қароқчи, ясовул бор.
Эй Дўст, қошингга қўли
Қуруқ келган бир ул бор...
Бек бордир, бековул бор,
Бир ечим, минг усул бор.
Уйга кетгиси келган
Тортинчоқ бир кўнгил бор...
4
Ўғлим бордир – ўзим бор,
Қизим бордир – изим бор,
Эй, кир чалган дастурхон,
Сенда менинг рўзим бор.
Элдан шувут юзим бор,
Ҳақдан қарздор сўзим бор.
Қудрат йўқдир, тўзим бор,
Ўртасида ўзим бор.
Ўртасида ўзим бор.
* * *
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!