Бугун Суперлигада "водий дербиси" бўлиб ўтади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 24-тур учрашувлари доирасида бугун, 16 октябрь куни 3 та ўйин ўтказилиши режалаштирилган.
Куни кеча Андижон ва Ғузорда миллий чемпионатимиз доирасида иккита ўйин ўтказилди. Ҳусусан, «Бобур Арена» стадионида «Андижон» — «Қизилқум» жамоалари рақобатлашди. Учрашувнинг 38-дақиқасида меҳмонлар сафида Жамбули Жигаури томонидан узатилган тўпни Отабек Жўрақўзиев голга айлантирди. Қайд этилган натижадан сўнг «Қизилқум» очколарини 33 тага етказиб, 8-ўринга кўтарилиб олган бўлса, «Андижон» 30 очко билан 9-поғонада қолди.
«Машъал» ОКМК клубига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувдаги ягона голга Асадбек Собиржонов 83-дақиқада муаллифлик қилди. Натижада ОКМК клуби ҳисобидаги очколар сони 39 тага етди. «Машъал» эса ўтган 24 турда бор йўғи 4 очко жамғарган ҳолда сўнгги ўринда қолмоқда.

Бугун, 16 октябрь куни соат 19:00да «Бунёдкор» — «Сўғдиёна», «Қўқон-1912» — «Нефтчи» ва «Сурхон» — «Хоразм» жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Мазкур баҳслар орасида “водий дербиси” дея ном олган «Қўқон-1912» — «Нефтчи» жамоалари тўқнашуви мухлислар эътиборида бўлиши табиий. Сабаби, «Нефтчи» ўтган турда очко йўқотиб, жадвалдаги пешқадамлигини «Пахтакор» жамоасига топширган бўлса, «Қўқон-1912» Суперлигада қолиш учун шиддатли ўйин кўрсатмоқда.
Шу боис ҳам бу жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлар статистикасига эътибор қаратишни лозим топдик. Бугунга қадар «Қўқон-1912» ва «Нефтчи» миллий чемпионатларимиз доирасида 33 маротаба тўқнаш келган. Фарғона шаҳри жамоаси ушбу ўйинларнинг 22 тасини ўз фойдасига ҳал этган бўлса, Қўқон шаҳри клуби 6 та ўйинда зафар қучган. Клублар 5 маротаба дуранг ўйнаган. Тўплар нисбати 79/40 - «Нефтчи» фойдасига.
Жамоаларнинг сўнгги учрашуви жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган бўлиб, унда «Нефтчи» 4:0 ҳисобида ўз майдонида ғалаба қозонган. Ҳозирда «Нефтчи» 52 очко жамғарган ҳолда иккинчи поғонада бораётган бўлса, «Қўқон-1912» 23 очко билан 13-поғонани банд этган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА