Бугун “Freestyle Chess Grand Slam-2025” ғолиби аниқланади
Бугун, 14 февраль куни Германияда ўтаётган “Freestyle Chess Grand Slam-2025” турнирининг ҳал қилувчи баҳсларида иштирок этаётган дунёнинг энг кучли шахматчилари қайси ўринлардан жой олиши маълум бўлади.
Кеча мусобақанинг 1-2-ўринлари учун ўтказилган илк баҳсда германиялик Винсент Кеймер америкалик Фабиано Каруана ўртасидаги дастлабки учрашувда қора доналарда ҳаракатланган Кеймер ғолибликка эришди.

3- ўрин учун кечаётган ўйинда Жавоҳир Синдоров қора доналарда Магнус Карлсен билан дастлабки баҳсни ўтказди. Турнирнинг саралаш босқичида Жавоҳир номдор рақибини мағлубиятга учратганди. Бироқ бронза йўлидаги баҳснинг илк партиясида Синдоров Магнусга имкониятни бой бериб қўйди.

5-ўрин учун Нодирбек Абдусатторов ва америкалик Хикару Накамура қарама-қаршилигидаги баҳсда қора доналарда ҳаракат қилган Хикаруга омад кулиб боқди. 7-8-ўринларга даъвогарлик қилаётган Гукеш Доммаражу ва Алиреза Фирузжа “дуэли”нинг илк курашида муроса йўли танланди.
Бугун шахматчилар ўртасида иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Айнан мазкур мусобақалар “Freestyle Chess Grand Slam-2025” турнирида 1-ўринга тақдим этиладиган 200 минг, 2-ўринга бериладиган 140 минг, 3-ўрин эгаси учун мўлжалланган 100 минг, 4-ўрин 60 минг, 5-ўрин 50 минг, 6-ўрин 40 минг, 7-ўрин 30 минг, 8-ўрин 20 минг АҚШ доллари кимларга тегишли эканлиги маълум бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА