Бугун “Дунё” ахборот агентлиги ташкил топган кун
“Дунё” ахборот агентлиги – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида 1995 йил иш бошлаган “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида ташкил топган. Ҳозир мазкур агентлик таркибий бўлинмасида Медиа-марказ ҳам фаолият юритмоқда.
Агентлик фаолияти мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати асосий йўналишлари, халқаро ташаббуслари, экспорт, инвестиция ва туристик салоҳияти, юртимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши жараёнидан халқаро ҳамжамиятни, шу жумладан хорижий сиёсатчи-экспертларни хабардор қилиш бўйича тизимли иш олиб боришни назарда тутади.
Жамоа замонавий технология воситаларидан фойдаланган ҳолда сифатли ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли босма материаллар, видеоролик, телекўрсатувлар, республикамиз ва хорижий давлатларда рўй бераётган воқеалар ҳақида тўғридан-тўғри репортажларни тайёрлаш ва тарқатиш орқали медиа бозоридаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга Ангетлик самарали фаолият орқали Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
“Дунё” ахборот агентлиги мамлакатда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқаро ҳамжамиятга тезкор етказиш мақсадида изчил иш олиб боради. Хорижий оммавий ахборот воситалари билан расмий ахборот алмашиш механизми йўлга қўйилган. Шу мақсадда маҳаллий ва хорижий ахборот органлари, медиа тузилмалари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик мунтазам ривожлантирилмоқда.
Агентлик давлатимиз делегацияларининг хорижга ва хорижий делегацияларнинг республикамизга ташрифлари, учрашувлар давомида эришилган келишувлар, шунингдек кундалик ва долзарб халқаро масалалар бўйича Ўзбекистоннинг расмий позициясини акс эттирадиган материалларни кенг ёритиб келади. Республиканинг хориждаги муассасалари томонидан чет эллик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш, хориждан инвестиция ва сайёҳларни жалб қилиш, чет эллардаги Ўзбекистон Республикаси жисмоний ҳамда юридик шахслари ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш, хорижий давлатлардаги ватандошлар билан муносабатларни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида хорижий ва маҳаллий жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиб боради.
Агентлик хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналар ҳузурида вакилларига эга республикамизнинг ягона оммавий ахборот воситаси ҳисобланади.
“Дунё” жамоатчи мухбирлари айни пайт Буюк Британия, Бельгия, Миср, Ҳиндистон, Исроил, Россия, АҚШ, Франция, Туркия ва Японияда фаолият кўрсатмоқда. Агентлик энг йирик маҳаллий ва халқаро ахборот агентликлари, жумладан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА, шунингдек мамлакатимизда чоп этилаётган етакчи даврий нашрлар, Миллий телерадиокомпания билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.
ЎзА