Уч кун давомида Бухоро вилояти аҳолиси ва меҳмонларига кўтаринки кайфият улашган ХХI анъанавий “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалида 10 га яқин хорижий давлатлардан 50 нафардан ортиқ ҳамда республика ҳудудларидан 200 нафардан ортиқ маҳаллий ҳунармандлар иштирок этди.
Байрамнинг ёпилиш маросимига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтди. Маросим якунида байрамона салютлар отилди.
Олинган маълумотларга кўра, фестиваль давомида жами ярим миллионга яқин сайёҳлар иштирок этди.
[gallery-23809]
– Оила аъзоларим билан илк бор бундай катта тадбирда қатнашдим. Таассуротларим жуда катта. Ўзимизни эртак иштирокчиларидек ҳис қилдик. Менга меҳмондўстлигингиз ёқди. Таомлар жуда ҳам ажойиб. Бу халққа, бу юртга ҳурматим ошди. Оилам билан яна келишни режалаштирдик, – дейди туркиялик Чем Ийибозкурт.
Мазкур фестиваль халқаро сайёҳларни жалб қилиш ва уларни Бухоронинг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан таништиришда муҳим платформа бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.