Жорий йилнинг 6 ойида Тошкент вилояти божхона бошқарма томонидан тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жойларда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият, экспорт ва импорт учун шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.
Жумладан, бошқарма томонидан жами 8,2 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 4,4 триллион сўм имтиёзлар берилди. Қолган маблағлар давлат бюджетига ўтказилди.
Бунда имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда металл хомашёлар ташкил этади. Ўтган даврда 1,1 миллион доллардан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига, асосий ҳамкор давлатлар Туркия, Қозоғистон, Хитой, Россия ва Тожикистон, Афғонистон, Бельгия, Польшага экспорт қилинган.
Жумладан, “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида бу йил жами 59 минг 92 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди. Уларни Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қилинса, декларацияларнинг 20,7 фоизи “яшил йўлак”, 66,1 фоизи “сариқ йўлак”, 13,2 фоизи “қизил йўлак” тартибида расмийлаштирилди.

– Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча бўлинма, гуруҳ ва божхона постларида фуқароларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди, – дейди Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, полковник Кахрамон Умаров. – Айниқса, бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 27 та ҳолатда 133 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 2 минг 123 та ҳолатда 73 миллиард 806 миллион сўмга тенг товарлар ушлаб қолинди.
Бугунги кунда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.