Бўзатовлик ўқувчилар учун таассуротларга бой саёҳат бошланди
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманига аввалги ташрифи чоғида билимга интилиши ва фаоллиги билан ажралиб турган ўқувчилар учун Тошкент шаҳрига саёҳат ташкил этишга ваъда берилган эди.
Ушбу ташаббус Президентимиз томонидан ўқувчиларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш учун яратиб берилган имкониятлар асосида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова бугун ўқиш, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришган бўзатовлик ўқувчиларни пойтахт сари кузатар экан, уларга мазмунли ва мароқли сафар тилади. Вазир бундай ташрифлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириб, янги билимларни эгаллаш, ўрганиш ва изланишга бўлган қизиқишини янада оширишини таъкидлади.
Таълим, маданият ва дам олишни уйғунлаштирган дастур доирасида ўқувчилар Ислом цивилизацияси маркази, Амир Темур музейи, Республика болалар кутубхонаси, Ўзбек Миллий академик драма театри, Янги Ўзбекистон боғи ҳамда “Magic City” мажмуасига ташриф буюради.
Сафардан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг дарс жараёнида олган билимларини мустаҳкамлаш, тарихий ва маданий меросимиз ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, китобхонлик ва санъатга бўлган қизиқишини янада оширишдан иборат.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири