Муносабат

Кейинги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъатига эътибор янада юқори бўлмоқда. Соҳада таълимининг дунё андозаларига мос равишда ривожлантирилиши янги босқичга кўтарилди.
Халқимиз маданий ҳаётида мақом санъати таъсирининг ошиб бориши, унинг дунёга тараннум бўлиши бунинг яққол далилидир. Мақом санъатининг тараққий этишида, шубҳасиз, Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институтининг очилиши катта роль ўйнади.
Хайрли ишларнинг давоми олароқ, 2021 йилнинг 16 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти фаолияти йўлга қўйилди.
Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда миллий эстрада санъати, айниқса, беназир ижодкор Ботир Зокировнинг ижодий мероси бебаҳо хазина бўлиб хизмат қилади.
Жорий йилнинг 16 май куни Президентимиз муассасага ташриф буюриб, миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ушбу тарихий воқеа, шубҳасиз, маданият ва санъат соҳасида миллий эстрадамиз учун том маънода янги даврни бошлаб берди, десак, асло муболаға бўлмайди.
Ислоҳотларнинг жорий даврида тўпланган бой тажриба асосида миллий эстрада соҳасида, пировардида маданият ва санат йўналишида янги марраларнинг эгалланишига замин ҳозирлади.
Юксак истеъдод соҳиби бўлган Ботир Зокиров ўзидан ранг-баранг ва бой ижодий мерос қолдирган. Унинг сеҳрли овози юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб бориб, халқимиз қалбидан, санъатимизнинг олтин фондидан жой олган. Дунёда ўзбек санъатини зўр муваффақият билан намойиш этган.
Шу ўринда эстрадамиз асосчисининг ҳайкали жойлашган ҳудуд ҳақида тўхталиш жоиз. Бир тарафда муаззам тарихга эга Консерватория биноси, яна бир томонда дунёнинг энг замонавий меъморий қиёфасини ўзида жамлаган Toshkent City Mall ва кўркам хиёбон жойлашган. Бу ҳудуд халқимизнинг энг севимли масканларидан бири бўлади.
Ташриф давомида Президентимиз санъаткорнинг мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ўтказиш ҳамда талабалар учун давлат стипендияси жорий этиш, бундан ташқари, бадиий фильм яратиш, Миллий эстрада симфоник оркестри фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби бир қатор вазифаларни белгилаб берди.
Бундай эзгу ташаббуслар халқимиз маданий ҳаётида катта воқелик, маданият ва санъат учун эса юксалиш даврининг тамал тошидир.
Элдор ШЕРМАНОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори.
ЎзА