Бўстонлиқда йирик аграр лойиҳа ишга туширилади
Бўстонлиқ туманининг аграр салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда фойдаланилмаётган ер майдонларини иқтисодий айланмага киритиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, туман корхона-ташкилотлари раҳбарлари, тадбиркорлар, депутатлар, фермерлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Дастлаб “Навобод”, “Чимган” ва “Ғазалкент” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида танлаб олинган 3 минг гектар ер майдонини ўзлаштириш бўйича истиқболли лойиҳа муҳокама қилинди. Режага кўра, 7 километр узунликдаги қувур орқали сув келтириш, замонавий суғориш тизимини йўлга қўйиш ҳамда сув ҳавзасини ташкил этиш назарда тутилган.

Шунингдек, ҳудудларда саноат усулида интенсив боғлар барпо этиш, малина, фундук, қорағат, қулупнай ва бошқа сердаромад резавор экинларни етиштиришни йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида 1 мингта доимий ва қарийб 10 мингта мавсумий иш ўрни яратилади.
Муҳокамалар давомида ер эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, резавор экинлар етиштириш жараёнларини тизимли ташкил этиш, амалга оширилаётган ишларни доимий мониторинг қилиб бориш ҳамда лойиҳанинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан ишчи гуруҳ олдига аниқ топшириқлар қўйилди.

Мутахассислар фикрича, ушбу йўналишни кенгайтириш нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки ташқи бозорларга сифатли маҳсулот етказиб бериш имкониятларини ҳам оширади. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Бўстонлиқ туманининг аграр салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, лойиҳани қисқа муддатларда ҳаётга татбиқ этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.

А. Мусаев,ЎзА