Бош прокуратура томонидан ҳудудий давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилгани ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, Давлат хизматлари марказининг мутахассиси жиноий шериклари билан 2025 йил давомида муқаддам ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган 72 нафар фуқародан олинган 616 миллион сўм пора эвазига уларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган.
Ушбу ҳолат бўйича Давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси ва унинг шерикларига пора олиш, пора бериш, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича айблов эълон қилиниб, уларнинг барчаси қамоққа олинган ҳамда уларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганида қуйидагилар аниқланган: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 12 апрелдаги 152-сон қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш”нинг маъмурий регламентига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун номзодлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширганидан сўнг, уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси давлат хизматлари марказлари томонидан берилиши белгилаб қўйилган.
Бироқ юқоридаги ҳолатда назарий ва амалий имтиҳонлардан ўта олмаган фуқароларга автомактаблар яқинида фаолият юритувчи турли шахслар ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳақ эвазига имтиҳон топширмасдан, сохта ҳужжатлари асосида ҳақ эвазига олиб берган.
Жиноий гуруҳ икки хил усулда сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган. Биринчи усул: жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун олинган 500-1000 АҚШ доллари эвазига турли шахслар орқали эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлбола усулда тайёрлаб, фуқароларга тақдим этган. Сўнгра, жиноий гуруҳ туман давлат хизматлари маркази ходимига пора бериш йўли билан ушбу фуқаролар томонидан ДХМга қалбаки эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилишига, ўрнига янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштиришига эришган.
Иккинчи усул: жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун олинган 10 минг АҚШ долларига қадар бўлган маблағ эвазига фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлганлиги тўғрисида ҳудудий ЙҲҲБлар маълумотномаларини сохталаштириб, уларга сохта QR кодли имзоларни қўйиб фуқароларга тақдим этган.
Жиноий гуруҳ туман давлат хизматлари маркази ходимига бериш йўли билан ушбу фуқаролар томонидан унга сохта QR кодли маълумотномаларни тақдим этиб, янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштиришга эришган.
Икки ҳолатда ҳам фуқаролар ўзларининг муқаддам ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлмаганлигини била туриб, жиноий гуруҳ вакилларидан сотиб олган сохта ҳужжатлар билан давлат хизматлари марказига гўёки ҳайдовчилик гувоҳномаларини йўқотиб қўйгани тўғрисида мурожаат қилган.
Оқибатда 72 нафар фуқароларнинг ўзи ҳам ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда давлат ташкилоти ходимига пора бериш жиноятларига шерик бўлган.
Бундан ташқари, юқоридаги ҳолатлар бўйича Бош прокуратура томонидан вилоятларда ўтказилган текширишда яна 1,2 мингдан ортиқ (Тошкент шаҳрида 440, Навоий вилоятида 265, Сурхондарё вилоятида 205, Самарқанд вилоятида 146, Қашқадарё вилоятида 33, Сирдарё вилоятида 20, бошқа вилоятларда 100 дан ортиқ) қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди.
Ҳозирда барча фуқароларнинг қалбаки ҳужжатлар асосида қўлга киритган ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган. Ҳужжат қалбакилаштирган ҳамда ушбу қалбаки ҳужжатларни сотиб олган фуқароларнинг ҳам жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бош прокуратура юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларга фақат тегишли автомактабларда ўқиб, назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган ҳолда ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштирилиши қонуний эканлиги, турли хил қинғир йўллар билан ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириб ҳам жиноий жавобгар, ҳам моддий зарар кўрмасликни тавсия қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА