Болажонлар учун янги умид ва ҳаёт
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси ҳар йили икки маротаба “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси доимий тарзда ўтказилиб келинмоқда.
1 июнь –Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни ўтказилиб келинаётган беғараз донорлик акциясини қўллаб-қувватловчилар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан яқинда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан уч кун давом этган хайрия тадбири давомида ҳудуднинг турли соҳа вакиллари — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, шифокорлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда давлат хизматчилари фаол иштирок этишиб, муҳтож болаларга беғараз ёрдам кўрсатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашди.

Акция доирасида топширилган қон захиралари оғир хасталиклар билан курашаётган болаларни даволаш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ҳамда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Aкция давомида жами 314 нафар фуқаро донор сифатида иштирок этиб, шундан 209 донордан 94,05 литр қон жамланди. Бу натижа халқимизннг эзгу ташаббусларга бефарқ эмаслиги ҳамда жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат тамойиллари тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Тадбир иштирокчилари бундай ташаббуслар жамиятда ижтимоий бирдамликни кучайтириш, болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Ҳар бир топширилган қон томчиси эса оғир аҳволдаги болажонлар учун янги умид ва ҳаёт бахш этувчи эзгу амал сифатида баҳоланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири