Бўлажак юристлар кибержиноятга қарши курашишда амалий билимларни оширмоқда
Кибержиноят — шахсий маълумотларни ўғирлаш, молиявий фирибгарлик, кибертерроризм ва муҳим ахборот инфратузилма объектларига киберҳужумдан тортиб, сунъий интеллект воситасида амалга ошириладиган янги авлод жиноятларигача бўлган ҳолатлардир. Энг муҳим ҳақиқат шундаки, кибержиноятларга қарши курашнинг энг ишончли ва узоқ муддатли воситаси куч ишлатиш эмас, балки таълим.
Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси ўқитувчиси Хушназар Жўраев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Айнан таълим жараёнида шаклланган рақамли саводхонликка эга мутахассис кибертаҳдидларни олдиндан сезади ва улардан ҳимоя механизмларини қуришга қодир бўлади. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони миллий юридик таълимни халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш йўлидаги тарихий қадам сифатида нафақат таълим тизими, балки бутун мамлакат киберхавфсизлиги учун улкан аҳамият касб этди.
Рақамлаштириш суръатларининг тезлашиши билан бирга кибержиноятлар ҳам янада мураккаб тус олмоқда. Шахсий маълумотларнинг оммавий сизиб чиқиши, ноқонуний операциялар, давлат хизматларининг муҳим ахборот инфратузилма объектларига ҳужумлар ва дипфейк технологияси ёрдамидаги фирибгарлик ҳолатлари бугунги ҳуқуқ амалиётчилари учун бутунлай янги муаммолар силсиласини вужудга келтирмоқда.
Бундай шароитда фақат қонун моддасини биладиган, аммо технологиянинг ишлаш тамойилларини тушунмайдиган юрист кибержиноят тергови ёки рақамли ҳуқуқбузарликларни малакали баҳолашда ожизлик қилади. Шу сабабли Тошкент давлат юридик университети (ТДЮ)ни анъанавий таълим муассасасидан замонавий, технологик жиҳатдан етук ҳуқуқшунослар тайёрловчи марказга айлантириш учун пухта пойдевор яратилмоқда.
Фармон доирасида университетда Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси ташкил этилган бўлиб, унда кибер ҳуқуқи, кибержиноят ҳуқуқи, сунъий интеллект ва роботехника ҳамда кибержиноятларни тергов қилиш каби ихтисослаштирилган модуллар ўқитилмоқда. Бу эса ёш юристларга фақат назарий билим эмас, балки рақамли жиноятчиликнинг техник механизмларини амалий тушуниш имконини беради. Фармоннинг яна бир муҳим қисмларидан бири бу - ТДЮда “Рақамли ҳуқуқ” соҳалараро ихтисослиги бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгаш ҳам ташкил этилиши. Бу кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ соҳасида фундаментал тадқиқотлар олиб бориш ҳамда миллий илмий мактабни шакллантириш учун муҳим институционал асос бўлиб хизмат қилади.
Қабул жараёни ҳам халқаро стандартларга тўла мувофиқ ташкил этилиши режалаштирилган: “Рақамли ҳуқуқ” йўналишига абитуриентларни саралашда ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда IQ тестлари ўтказилади. Таълим жараёни инглиз
тилида олиб борилади, етук хорижий профессор-ўқитувчилар ўқув жараёнига жалб этилади. Бу битирувчиларнинг нафақат маҳаллий, балки глобал меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош бўлишини таъминлайди.
Президентимиз фармони асосида амалга оширилаётган стратегик трансформация фақат таълим ислоҳотидан иборат эмас — бу Ўзбекистоннинг рақамли суверенитетини ҳимоя қилиш йўлидаги аниқ ва изчил сиёсатдир.
Кибержиноятларга қарши кураш давлат органлари, технология компаниялари ва фуқаролик жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади, бироқ бу ҳаракатларнинг барчаси малакали кадрлар — рақамли ҳуқуқни чуқур биладиган, технологияни тушунадиган ва фуқаролар ҳуқуқларини изчил ҳимоя қила оладиган мутахассисларсиз самарасиз бўлиб қолади.
Шу маънода, Тошкент давлат юридик университетида шаклланётган янги авлод ҳуқуқшунослари — кибер ҳуқуқи, кибержиноят тергови ва сунъий интеллект ҳуқуқи бўйича билимли, инглиз тилида эркин мулоқот қила оладиган, инновацион фикрлайдиган юристлар — янги Ўзбекистоннинг рақамли келажагини қуришда асосий таянч кучга айланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА