Бўлажак ҳуқуқшунослар реал суд ишларида бевосита иштирок этади
Тошкент шаҳар суди ва Тошкент давлат юридик университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Шу мақсадда икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат назария ва амалиёт уйғунлигига асосланган кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Энди талабалар нафақат аудиторияларда, балки суд мажлислари залларида билим олиш баробарида реал суд ишлари билан бевосита танишиш ва профессионал судьялар тажрибасини ўрганиш имкониятига эга бўлди.

Меморандумда Тошкент давлат юридик университети талабаларини келгусида пойтахт судлари тизимига ишга жойлашиш истиқболи билан тайёрлаш, дуал таълим элементларини жорий этиш, қўшма анжуманлар ташкил этиш, суд амалиётидаги долзарб муаммолар бўйича ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш каби қатор масалалар ҳам назарда тутилган.

Бу суд тизими учун келгусида малакали мутахассислар етишиб чиқиши ва улар одил судлов сифатига ҳисса қўшишини англатади. Университет учун эса таълим базасининг мустаҳкамланиши ва амалиётга бевосита чиқиш имкониятидир.
Музокараларда меморандумда белгиланган вазифалар ижросига оид “йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олинди. Шунингдек, университет Юридик клиникаси фаолияти билан ҳам танишилди.
Шу ўрин яна бир маълумот: Тошкент шаҳар суди яқинда Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент Транспорт университетлари ҳам худди шундай меморандум имзолаган эди. Тошкент давлат Юридик университети билан имзоланган ҳужжат пойтахт судининг кейинги икки ойда фаол ҳамкорлик йўлга қўйган учинчи олий ўқув юрти ҳисобланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА