Болаларга нисбатан қилинган оғир жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги кучайди
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 14 октябрь куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори, юридик фанлар доктори Шерзод Абдуқодиров мазкур қонуннинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берди:
– Қонун билан бир вақтнинг ўзида бешта (Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат) кодекс ҳамда 6 махсус қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатга кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган энг оғир жинсий жиноятлар (Жиноят кодекси 118 ва 119-моддаларининг тўртинчи қисмлари) учун узоқ муддатли, яъни 20 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Жиноят кодексининг 50-моддасидаги “озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас” деган нормага “бундан боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар мустасно” эканлиги ҳақидаги қоида киритилди.
Жазодан озод қилишда боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм (Жиноят кодекси 72-модда) қўлланилмаслиги ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (Жиноят кодекси 73-модда) тартиби чекланди.
Жинсий зўравонликка оид ишларда вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳга давлат ҳисобидан адвокат берилади.
Зўравонлик яқин қариндош томонидан содир этилганда, жиноят процессида васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирок этади.
Маъмурий жавобгарликка оид жазолар кучайтирилди. “Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” ва “Болалар масалалари бўйича комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик ёки ижро этишга тўсқинлик қилиш” учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди.
Жиноят-ижроия қонунчилигига вояга етмаганларни таълим, тарбия ва ижтимоий хизмат муассасалари назорати остига бериш чораси ҳамда қонунчиликка бошқа бир қатор нормалар киритилди.
Эндиликда Жиноят кодексига кўра, узоқ муддатли (йигирма йилдан ортиқ, лекин йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатга) озодликдан маҳрум қилиш ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси фақат тўртта ҳолатда: жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш (118-модданинг тўртинчи қисми), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки унинг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модданинг тўртинчи қисми), терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланади.
Қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, энг оғир жазолар рўйхати аниқ чекланган. Бунинг натижасида суд ҳам, фуқаро ҳам қайси жиноят учун қандай жазо чегараси қўлланилиши мумкинлигини олдиндан билади. Ушбу рўйхатга ўн тўрт ёшга тўлмаган болаларга қарши жинсий жиноятларнинг киритилиши давлат ва жамиятнинг бу борадаги қатъий позициясини кўрсатади.
Қонун билан вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш (Жиноят кодекси 64-модда) ва жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш (Жиноят кодекси 69-модда) тартиблари қўлланилмаслиги белгиланди. Бу норма жиноят жабрланувчи вояга етгандан кейин маълум бўлган ҳолларда ҳам адолатни тиклаш имконини беради.
Жиноят содир этган вояга етмаганларга нисбатан Жиноят кодексида белгиланган мажбурлов чораларига янги “назорат остига бериш” чораси киритилмоқда. Бу чора тарбия ва ижтимоий мослашувга урғу беради ҳамда болани оила ва таълим муҳитидан узиб қўймасдан тузатиш имконини яратади. Бунда суд мазкур чорани танлашда боланинг ёши, оилавий шароити ва муассасанинг реал имкониятларини ҳисобга олиши лозим бўлади.
Шу билан бирга, қонун билан вояга етмаган шахсга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказганлик, шунингдек бир гуруҳ шахслар томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик оғирлаштирилмоқда.
Қонун жинсий зўравонликка оид ишларда вояга етмаган жабрланувчига ва гувоҳга қонунда белгиланган тартибда, мажбурий равишда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат иштирокини таъминлаш чораларини назарда тутади. Бу ота-онаси адвокат ёллашга қурби етмаган ёки ҳуқуқий ёрдам ҳақида билмаган болаларни процессда ҳимоясиз қолдирмасликка хизмат қилади.
Агар жиноят боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси, ҳомийси ёки бошқа яқин қариндоши томонидан содир этилган бўлса, судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамасининг барча процессуал ҳаракатларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирок этиши белгиланди. Зўравон болага энг яқин одам бўлган ҳолатларда қонуний вакилнинг манфаатлари боланикига зид келиши мумкин. Қонун жараёнга мустақил давлат вакилини киритиш орқали ушбу манфаатлар тўқнашувини бартараф этади. Қонунга кўра, бундай ишларда вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини ишни юритувчи суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд таъминлаши шарт.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги шаҳвоний шилқимлик учун жарима ва маъмурий қамоққа олиш жазолари кучайтирилди. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, тарбия ҳамда таълим бериш жараёнида уларга нисбатан зўравонлик содир этиш, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш каби вояга етмаганлар билан боғлиқ айрим бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Меҳнат кодексидаги меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартибига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, болани тарбиялаш ва унга таълим бериш мажбурияти ўз зиммасига юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши меҳнат шартномасини бекор қилишга тўғридан-тўғри асос бўлиб хизмат қилиши белгиланди.
Қонуннинг энг кучли томони унинг тизимли эканлигидадир, чунки бир ҳужжат билан жавобгарлик, суд процесси, жазони ижро этиш, профилактика ва меҳнат муносабатлари ягона занжирга боғланди. Энг оғир жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги кучайди, бола эса процессда ёлғиз қолмайди: давлат ҳисобидан адвокат, мустақил давлат вакили ва эҳтиёткорлик билан сўроқ қилиш тартиби унинг қайта жароҳатланиши (ревиктимизация) хавфини камайтиради. Ҳуқуқбузар болага (вояга етмаган жиноятчига) нисбатан эса шунчаки жазолашдан кўра, тарбия ва реабилитация чоралари устувор қилиб қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича изчил ва комплекс қадамдир. У бир томондан энг оғир жиноятлар учун жавобгарликни кучайтирса, иккинчи томондан болани процессда ёлғиз қолдирмайдиган кафолатлар яратади ва профилактикани ёпиқ муассасалардан таълим, ижтимоий хизмат ҳамда оила билан ишлаш тизимига ўтказади. Унинг самарадорлиги эса қонунни амалиётда аниқ қўллаш, қонуности ҳужжатларини ўз вақтида мувофиқлаштириш ва ижро ресурсларини тўғри йўналтириш билан белгиланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА