Болаларда “лаб ва танглай ёриғи” муаммоси бепул даволанади
Чирчиқ шаҳридаги вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Корея Республикасининг Сеул миллий университети стоматологик клиникаси мутахассислари иштирокида хайрия жарроҳлик амалиёти ташкил этилмоқда.
Жараёнда “лаб ва танглай ёриғи” (қуён лаб ва бўри танглай) ташхиси билан Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган 20 нафардан зиёд болалар операция қилинади. Ундан ташқари, пойтахтда кам таъминланган ва нафақадаги 22 нафар инсонларга бепул тиш протези ясаш ва қўйиш амалиётлари ўтказилади.


Дастлаб шу муносабат билан ташкил этилган мулоқотда Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, Ибн Сино жамоат фонди вакиллари, Сеул Миллий Университети Стоматология клиникаси профессорлари ва шифокорлар қатнашди. Унда мазкур ташаббуснинг аҳамияти, эришиладиган натижалар ва келгуси режаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, ушбу амалиётлар 2022, 2023 ва 2025 йиллар давомида ҳам муваффақиятли амалга оширилган ва 100 нафардан ортиқ болаларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Жараёнда ташкилотчилар томонидан ушбу хайрли ишларда ижтимоий тиббий хизмат кўрсатаётган, фаол иштирок этган инсонларга “Ибн Сино” мукофоти топширилди.


Мазкур ҳамкорлик доирасида энди Сеул Миллий Университети Стоматологик клиникаси профессорлари томонидан ЕМ Университети мутахассис ва талабалари учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўқилади. Ушбу лойиҳа доирасида уч томонлама стратегик ҳамкорлик меморандуми имзоланади ва кейинги йилларга ҳамкорлик режалари белгилаб олинади.

– Ушбу хайрия амалиётлари Ибн Сино жамоат фондининг Тошкент вилояти филиали томонидан ижтимоий шериклик доирасида Тошкент вилоят ҳокимлиги, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, EMU Университети ва Сеул Миллий Университети Стоматологик клиникаси (Жанубий Корея) билан ҳамкорликда ўтказилмоқда, – дейди Ибн Сино жамоат фонди Бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов. –Бунинг натижасида кўплаб бемор болалар тузалиши билан бирга, моддий ёрдам ҳам бўлади. Сабаби авваллари бу турдаги тиббий муаммоларга даво топиш учун оилалар хориждаги шифохоналарга боришига тўғри келар эди. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли кўплаб ота-оналар энди бундай ортиқча вақт ва харажатлардан халос бўлди.

– Айрим оналарда ҳомиладорликнинг эрта босқичларида ўтказилган ўткир респиратор ҳамда турли юқумли касалликлар натижасида туғилган чақалоқларда туғма нуқсонлар кузатилади. Бу асосан юзнинг лаб ва танглай қисми одатдаги кўринишдан фарқли шаклланишида намоён бўлади. Бундай муаммоларни бартараф этишда замонавий тиббий хизматлар орқали болаларни соғломлаштириш имконияти кенгаймоқда. Шу мақсадда жорий йил бошида кореялик мутахассислар иштирокида ўтказилган хайрия тиббий кўриклари давомида жарроҳлик амалиётига муҳтож болалар саралаб олинди. Мазкур саъй-ҳаракатларда барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдирамиз, – дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева.

Мутахассислар таъкидлашича, 2027 йилда кореялик ҳамкорлар билан биргаликда ҳудудда қарийб 150 нафар болага бепул жарроҳлик амалиётлари ва муолажалар ўтказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон – Корея илмий тиббий форумини ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.