Болалар қувончи байрамолди тадбирларига уланди
Мустақиллик байрами яқинлашган сари юртимизнинг барча ҳудудларида шодиёналар, хайрли ташаббуслар ва эзгу амаллар кўлами кенгайиб бормоқда. Боёвут туманида ўтказилган тадбирларда ҳам бугунги осойишта ва фаровон ҳаётнинг энг катта қадрияти — инсон, унинг қадри ва манфаати устувор экани яна бир бор намоён бўлди.
Тумандаги “Шукрона” тантаналар саройида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида 39 нафар болажон учун хайрия суннат тўйи ўтказилди.
Мазкур тантанага миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз руҳи сингдирилди. Тўй болалар миллий либослар кийишиб, каттаю кичикнинг олқиши ва эзгу тилаклари оғушида байрам қилдилар.


Болаларнинг юзидаги беғубор табассум, кўзларидаги ҳаяжон ва қувончни кўриб, уларнинг ота-оналари ҳам ҳаяжонга тушишди. Зеро, фарзандининг бахти ва қувончи ҳар бир ота-она учун энг катта неъмат. Ана шу қувончни оилалар билан баҳам кўриш, уларни қўллаб-қувватлаш ва эътибор кўрсатиш тадбирнинг асосий мазмунини ташкил этди.
Тадбирда Боёвут тумани ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирок этиб, болажонлар ва уларнинг ота-оналарини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади. Ёш авлодга мустаҳкам соғлик, бахтли болалик, порлоқ келажак тилаб, уларнинг Ватанга садоқатли, билимли ва муносиб инсонлар бўлиб камол топишларини билдирди.
Тантанада нуронийларнинг дуолари ҳам янгради. Улар юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, хонадонлар файзи ва фарзандлар камоли учун эзгу ниятлар билдиришди.


Албатта, болажонларнинг қувончи шу билан тугамади. Суннат тўйи туманнинг Соҳил маҳалласи ҳудудидаги истироҳат боғида Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган умумхалқ байрамига уланди.
Бу ердаги манзарани бир сўз билан — шодиёна дейиш мумкин. Туман аҳолиси билан бирга қўшни ҳудудлардан, республикамизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган меҳмонлар, шунингдек, Боёвут туманида фаолият юритаётган хорижий давлат вакиллари ҳам байрам тадбирида иштирок этишди.
Истироҳат боғи одамлар билан гавжум. Саҳнада янграётган куй-қўшиқлар, дилбар рақслар, болаларнинг шўх кулгиси ва томошабинларнинг олқишлари байрамга янада файз бағишлади. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорларнинг чиқишлари эса шодиёнага янада кўтаринки руҳ бахш этди.


Бир қарашда, бу оддий байрам тадбири бўлиб кўриниши мумкин. Аммо унинг замирида катта маъно бор. Чунки Мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилган ўзгаришларнинг асл мезонини одамларнинг ҳаёти, кайфияти ва эртанги кунга бўлган ишончлари белгилайди.
Боёвут туманида ҳам сўнгги йилларда таълим, тиббиёт, ижтимоий соҳа, йўл ва инфратузилма, ободонлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Маҳаллалар қиёфаси ўзгариб, аҳоли учун қулай шароитлар яратилмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнлар одамларнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топяпти.
— Мустақилликнинг 35 йиллиги — оддий сана эмас. Шу йиллар давомида юртимизда, жумладан, Боёвут туманида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Таълим, тиббиёт, ижтимоий соҳа, маҳаллалар қиёфаси янгиланди. Йўллар, инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. Энг муҳими, бу ишлар замирида инсон қадри ва унинг манфаатлари мужассам. Бугун 39 нафар болажон учун ўтказилган суннат тўйи ҳам, истироҳат боғидаги Мустақиллик шодиёнаси ҳам ана шу эзгу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Туман аҳолиси бу қувончли кунни катта хурсандчилик билан қарши олди. Бундай тўй ва тантаналар мустақил, озод, обод ва тинч юртга ярашади, — дейди халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгаши депутати Каромат Каримова.


Дарҳақиқат, Мустақилликнинг энг катта қадрини баландпарвоз сўзлардан эмас, оддий инсонларнинг ҳаётидаги ўзгаришлардан излаш мумкин. Фарзандининг тўйини кўриб қувонган ота-она, шодон кулган бола, дуога қўл очган нуроний — байрамнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир.

Энг асосийси, Боёвут туманида 39 нафар болажоннинг қувончи билан бошланган тантана бутун эл шодиёнасига уланди. Бу байрам Мустақилликнинг 35 йиллиги шунчаки тарихий сана эмас, балки тинч ва осойишта ҳаёт, инсон қадри, халқ фаровонлиги ҳамда эртанги кунга ишонч тимсоли эканини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири