“Бола, ўйин ва педагог” лойиҳаси бўйича семинар ўтказилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА) томонидан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўйинга асосланган таълимни жорий этиш бўйича ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
“Бола, ўйин ва педагог” лойиҳаси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги тегишли фармонига мувофиқ, мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган замонавий таълим усулларини жорий этиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа боғчаларда таълим жараёнини боланинг ёши ва психологик хусусиятларига мос равишда, ўйин орқали ташкил этиш ва бу борада педагогларнинг маҳоратини оширишни кўзда тутади.
Ушбу лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда амалга оширилмоқда. Жанубий Кореянинг мактабгача таълим соҳасидаги илғор тажрибаси ва мутахассислари жалб этилган.
Лойиҳа доирасида KOICA мутахассислари иштирокида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, боғча директорлари ва методистлари учун махсус семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Семинар давомида ўйинга асосланган таълимнинг назарий асослари, болаларнинг ёш ва психологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этиш, ўйин орқали болаларда ижодкорлик, мустақил фикрлаш, мулоқот ва ижтимоий кўникмаларни шакллантириш усуллари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўқув-амалий семинар давомида пойтахтимизнинг катор давлат мактабгача таълим ташкилотида ўйинга асосланган таълим-тарбия жараёнларида болалар фаолиятлари кузатилди.
Н.Усмонова,
ЎзА