Боғчада Наврўз шодиёнаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 600-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Наврўз байрами кўтаринки руҳда нишонланди. Тадбирда 24 та гуруҳда таълим олаётган 800 нафардан зиёд болажон иштирок этди.
Байрам давомида тарбияланувчилар миллий либосларда анъанавий қўшиқ ва рақслар ижро этиб, халқ ўйинлари ҳамда спорт мусобақаларида ўз маҳоратини намоён қилди. Шунингдек, варрак учириш машқлари ташкил этилди, баҳор ва Наврўзга бағишланган шеърлар ўқилди.
[gallery-28499]
Тадбир жараёнлари болалар учун қизиқарли ва унутилмас таассуротларга бой тарзда кечди. Болажонлар сумалак, ҳалим, кўк сомса каби Наврўз таомларидан баҳраманд бўлди. Бу эса уларда миллий урф-одат ва анъаналарга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.
Педагог ва тарбиячилар томонидан болаларга Наврўзнинг мазмун-моҳияти, миллий қадриятлар ва анъаналар ҳақида тушунчалар берилди. Шу орқали уларда меҳр-мурувват, дўстлик ва бирдамлик каби инсоний фазилатлар шакллантирилди.
Наврўз шодиёнаси болаларнинг қувончи ва ёрқин таассуротлари билан эсда қолди.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА