БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, резолюциясига оид масалалар кўриб чиқилди
Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари кутубхоналарининг жорий ҳолати, бадиий китоб фонди ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари муҳокамаси бўлиб ўтди.
Қўмита раиси Одилжон Маматкаримов мактаб кутубхоналарининг таълим сифатини ошириш, ёшларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги аҳамиятига тўхталиб, уларни замонавий талаблар асосида ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг 39-мақсади, жорий йилга мўлжалланган давлат дастури ҳамда устувор ислоҳотлар дастурларида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари кўриб чиқилди. Мактаб кутубхоналаридаги шарт-шароитлар, бадиий адабиётлар фонди ва рақамли имкониятлар ҳолати муҳокама қилиниб, уларни янада яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди.

Муҳокама якунида мактаб кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
***
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ойлиги доирасида “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг роли: янги вазифалар ва имкониятлар” мавзусига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йил 24 июль куни қабул қилинган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон парламентининг БРМни миллий қонунчилик ва давлат дастурларига интеграция қилиш, улар ижросини парламент назоратига олиш ҳамда аҳоли муаммоларини парламент механизмлари орқали ҳал этишдаги роли қайд этилди. Маҳаллий кенгашларнинг БРМни ҳудудларда амалга оширишдаги иштироки, хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги роли ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА