Маълумотларга кўра, Суриядаги уруш туфайли камида 100 минг киши бедарак йўқолган. Уларнинг қариндошлари яқинлари тақдиридан хабардор бўлиш учун бор кучини сарфламоқда. Сурия халқи жаҳолатда яшамаслиги, халқаро ҳамжамият бу борада мамлакатга ёрдам кўрсатиши лозим. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Нюь-Йорк шаҳрида Сурияда бедарак йўқолганлар масаласига бағишлаб ташкил этилган йиғилишида айтиб ўтилди.
– Сурия халқи 12 йил давомида шафқатсиз уруш, тизимли ваҳшийлик ва тасаввур қилиб бўлмайдиган қийинчиликдан азият чекди, – деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. – Улар оғир инсоний қайғуга дуч келди. Ўтган ой содир бўлган даҳшатли зилзила ушбу давлатнинг инсонпарварлик эҳтиёжини янада кучайтирди. Мамлакат ичи ва ташқарисида миллионлаб сурияликлар, жабрдийда қочқинлар бутунлай умидсизликда яшамоқда. Улғайиб бораётган суриялик болалар урушсиз бир кун ҳам яшамаган. Сурия халқи келажакка умид қилишга ҳақли. Сурияликлар тинчлик ва хавфсизликка лойиқ. Улар ўз яқинлари тақдирига доир ҳақиқатни билишлари шарт. Келажакдаги ярашув жараёни кўп жиҳатдан бедарак йўқолганлар тақдирига ойдинлик киритилишига боғлиқ. Уруш пайти ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган, ўғирланган ёки бедарак йўқолган 100 мингга яқин сурияликнинг қаердалиги ва тақдири ҳозирча номаълум.
Гутерриш Сурия оилавий уюшмалари ва фуқаролик жамияти гуруҳлари фаолиятини, шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотларнинг бедарак йўқолган одамларни қидириш борасидаги ишини юқори баҳолади. Бош котиб фикрича, бундай ташкилотлар саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаш керак. Шу муносабат билан БМТ раҳбари Бош Ассамблея томонидан бедарак йўқолганларнинг тақдирини билиш, қаердалигига ойдинлик киритиш, қурбонлар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш бўйича янги халқаро механизм яратишга чақирди. Бош котиб халқаро ҳамжамиятни “мустаҳкам тинчлик йўлидаги тўсиқни бартараф этишда” сурияликларга ёрдам беришга чақирди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркнинг фикрича, бедарак йўқолган сурияликлар ҳақида гап кетганда 100 минг сони тез-тез тилга олинади, бироқ ҳақиқий рақам бундан анча юқори. Афсуски, сурияликларнинг кўпчилиги бедарак йўқолган қариндоши ҳақидаги ҳар қандай маълумот учун охирги пули ёки қимматбаҳо буюмини, ҳатто, никоҳ узугини-да беришга тайёр. Ачинарлиси, улар кўпинча яқинларини излашда эксплуатация, жисмоний таҳдид ёки товламачилик хавфига дуч келишади. Йўқолганларнинг аксарияти эркаклар, бироқ улар орасида аёллар ҳам бор.
Яна бир хавотирли жиҳат: озодликка чиққан кўплаб аёллар ва қизларни оила аъзолари жинсий зўравонликка дучор бўлган, деган тахмин туфайли қабул қилмайди. Шу боис бундай аёлларнинг кўпи ўз жонига қасд қилишга уринган.
Фолькер Турк Суриядаги бедарак йўқолганлар инқирози кўлами ҳайратланарли экани, муаммони ҳал қилиш учун халқаро ҳамжамиятдан қатъий қадамлар талаб қилинишини айтди. Олий комиссар, БМТ Бош котиби каби, оилалар, жамоалар ва бутун жамият учун муҳим бу масалада олдинга силжиш кузатилмаса, Сурияда барқарор тинчлик ўрнатилмаслигига урғу берди.
Г.Сатторова, ЎзА