Блюбаумни мағлубиятдан “асраган” Синдоров Праггнанандхага қандай туҳфа тортиқ этаркан?
Кипрда давом этаётган Номзодлар турнирининг 9-тур баҳсларида фақат нидерландиялик Аниш Гири қора доналарда АҚШ вакили Фабиано Каруанани мағлуб этган бўлса, қолган қарама-қаршиликларда томонлар муроса йўлини танлади.
Ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ушбу турда қора доналарда германиялик Маттиас Блюбаумни мағлуб этишга жуда яқин келди. Аммо, кичик хатолик ярим очко йўқотиши, учрашувнинг дуранг билан якунланишига олиб келди.

Учрашувдан кейин журналистларга интервью бериш асносида Синдоров ўз хатосини эътироф этди. Германиялик шахматчи эса Жавоҳирнинг устунлигини айтиб, 22-юриш ҳолатида мағлубиятини тан олмоқчи бўлганини, бироқ рақиби хатоликка йўл қўйиши оқибатида ўйинни давом эттирганини билдирди.

9-тур ўйинлари сарҳисобига кўра, Жавоҳир Синдоров 7 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Аниш Гири 5,5 очко билан юртдошимизни таъқиб этмоқда. АҚШ вакили Фабиано Каруана ҳисобида 4,5 очко мавжуд. 4-7-ўринларни банд этган Маттиас Блюбаум, Ҳикару Накамура, Рамешбабу Прагнанандха ва Вэй И 4 очкога эга бўлса, сўнгги ўринда бораётган Андрей Есипенко 3 очко жамғарган холос.
Бугун, 9 апрель куни ўтказиладиган 10-тур мусобақасида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда ҳиндистонлик Праггнанандха билан куч синашади. Улар ўртасида 1-давранинг 3-турида ҳамюртимиз ҳинд шахматчисини қора доналарда мағлуб этган эди. Хўш, кеча Блюбаумни мағлубиятдан “асраб қолган” Синдоров бугун Праггнанандхага қандай туҳфани тортиқ этаркан? Бунга, албатта ўйин давомида гувоҳ бўламиз.

Шунингдек, бугунги турда Андрей Есипенко — Матиас Блюбаум, Вэй И — Фабиано Каруана, Аниш Гири — Ҳикару Накамура баҳс олиб боради.
Аёллар ўртасида ўтган 9-тур учрашувларида Тан Чжунъи (Хитой) — Анна Музичук (Украина) ва Александра Горячкина (ФИДЕ) — Бибисара Асаубаева (Қозоғистон) дурангга эришган вазиятда Чжу Цзинер (Хитой) — Катерина Лагно (ФИДЕ) ва Вайшали Рамешбабу (Ҳиндистон) — Дивя Дешмух (Ҳиндистон) баҳсларида Чжу ҳамда Вайшали ғалаба қозонди.
9-турдан кейин аёллар ўртасида турнир жадвалини 5,5 очкога эга Чжу Цзинер ва Вайшали Рамешбабу бошқариб бормоқда. Улардан кейинги поғонада ҳаракатланаётган Анна Музичук ҳисобида 5 очко бор.
Бугун ўтадиган 10-тур мусобақасида Анна Музичук — Вайшали Рамешбабу, Дивья Дешмух — Александра Горячкина, Бибисара Асаубаева — Чжу Цзинер, Катерина Лагно — Тан Чжунъи куч синашади.
Т.Рўзиев,
ЎзА