Бизнесни ривожлантириш банки: 104 миллиард сўмлик операция эскроу тизими орқали амалга оширилди
Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ: нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими амалда” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, таркибий тузилмалар масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманни банк бошқаруви раиси ўринбосари О.Воҳидов очиб берди. Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда банк соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида аҳолига таклиф этилаётган банк хизматлари сони ва сифати изчил ошиб бормоқда. Бу эса фуқароларга банк хизматларидан янада қулай фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Шу билан бирга, банклар ҳам ислоҳотлар суръатига мослашиб, ўз фаолиятини такомиллаштириб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида белгиланган вазифалар бунинг яққол тасдиғидир.
[gallery-29110]
Матбуот анжуманида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан мазкур фармон ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш борасидаги амалий натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилдики, ушбу ташаббусларнинг асосий мақсади мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, юқори хавф мавжуд бўлган олди-сотди муносабатларида замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда аҳоли ва бизнес учун тезкор, қулай ва шаффоф молиявий хизматлар яратишдан иборат.
Банкнинг чакана бизнес бўйича бош директори У.Алимов ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот қилди. Унинг маълум қилишича, фармон ижроси доирасида ўтказилган ўрганиш ва мониторинг натижасида 56 та нотариал идора қамраб олинган ҳамда улар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шунингдек, 238 та ёқилғи қуйиш шохобчалари ўрганилиб, уларнинг 224 таси банк мижозларига тегишли экани аниқланган. Бундан ташқари, 177 та алкогол маҳсулотлари савдо нуқтаси, 34 та тамаки маҳсулотлари савдо нуқтаси ҳамда 4 та истироҳат боғи ва болалар ўйингоҳлари фаолияти ҳам таҳлил қилинган.
- Кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш-сотиш жараёнларида хавфсиз ҳисоб-китобларни таъминлаш мақсадида эскроу ҳисобварақлари тизими жорий этилди, - деди Бизнесни ривожлантириш банкининг чакана бизнес бўйича бош директори У.Алимов. - 2026 йил 30 мартдан ушбу хизмат учун янги тарифлар ва комиссиялар тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилди. Шунингдек, зарур бизнес-жараёнлар, ариза шакллари ва намунавий шартномалар ишлаб чиқилди. Эскроу хизматларини янада қулайлаштириш мақсадида нотариуслар билан ҳамкорлик кенгайтирилди. 36 нафар нотариус шанба куни, 12 нафари эса якшанба куни хизмат кўрсатиш тизимига жалб этилди. Офис-менежерлар ва универсал кассирлар учун ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилди, нотариал идоралар ва банк тизими ўртасидаги жараёнлар тўлиқ синхронлаштирилди.
2026 йил 1 апрелдан 29 апрелга қадар бўлган даврда эскроу тизими орқали 4 минг 215 та ҳисобварақ бўйича муваффақиятли операциялар амалга оширилди. Умумий транзакция ҳажми 104,8 миллиард сўмни ташкил этди.
Шунингдек, ёқилғи қуйиш шохобчаларида замонавий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ягона QR-код тизими жорий этилди. Эски терминаллар янгиларига алмаштирилди, Uzcard ва Humo карталари орқали барқарор тўловлар таъминланди. Реал вақтда хабар бериш учун телеграм-бот ишга туширилди ҳамда 24/7 техник қўллаб-қувватлаш хизмати ташкил этилди.
Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш мақсадида турли акциялар ва бонус дастурлари йўлга қўйилди. Янги Uzcard ва Humo карталарини бепул чиқариш, “BRB TURBO” промо-акцияси ҳамда кэшбек дастурлари шулар жумласидан. Бу ташаббуслар аҳоли орасида нақдсиз тўловларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, 50 мингдан ортиқ “WELCOME” инстант карталар филиалларга етказилди. АЁҚШларда банк мобил иловаси орқали тезкор рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.
Фармон ижроси самарадорлигини ошириш мақсадида ходимлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тренинглар, ўқув қўлланмалар ва ягона стандартлар жорий этилди.
Назорат ва мониторинг тизими ҳам кучайтирилди. Ҳар бир объектга масъул ходимлар бириктирилди, махсус бейжиклар жорий этилди, хизматлар доимий назорат остига олинди.
Анжуман якунида банк томонидан келгусида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини янада ошириш, иқтисодий шаффофликни кучайтириш ва рақамли хизматларни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилангани таъкидланди.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА