Битирувчилар учун меҳнат ярмаркаси
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Карьера куни” бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Зеро, ҳар тўртинчи фуқаро ёшлар қатламига тўғри келаётгани уларнинг жамият тараққиётида ҳал қилувчи куч эканини англатади. Шу нуқтаи назардан, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси ёшлар сиёсатининг аниқ ва манзилли йўналишларини белгилаб берди.
[gallery-29144]
Ярмаркада 30 га яқин корхона ва ташкилот, шаҳар ва туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари бўш иш ўринлари билан фаол иштирок этиб, ёш кадрларни ишга жалб этиш ва мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришга қаратилган амалий мулоқот майдонини шакллантирди. Тадбир давомида битирувчи ёшлар иш берувчилар билан бевосита мулоқот олиб бориб, бўш иш ўринлари, меҳнат шароити, ойлик маош ва касбий ўсиш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ўтказилган семинар ва тақдимотларда ишга жойлашиш жараёни, резюме тайёрлаш ва суҳбатдан муваффақиятли ўтиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Якунда иш берувчилар ва талаба-ёшлар ўртасида жами 42 та шартнома имзоланди. Бу натижа ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги амалий қадамлар самарасини яққол кўрсатди.
Маълумот учун, 2025/2026 ўқув йилида филиалда жами 205 нафар битирувчи катта ҳаёт сари йўл олмоқда. Уларнинг 113 нафари бакалавр, 21 нафари магистратура босқичи битирувчиси, 71 нафари эса сиртқи таълим шаклида таҳсил олган ёшлардир. Хулоса қилиб айтганда, мазкур “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим амалий ташаббус бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.