Бирлашиб, буюк тарих яратамиз
Жамият тараққиётини белгилайдиган кучлар кўп. Аммо уларнинг замирида маърифат, миллий бирдамлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси мужассам бўлса, эзгу мақсадлар янада юксак самара беради. Жиззахда “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” мавзусидаги ўқув- семинар ана шу ғоялар атрофида муштарак фикр ва мақсадларни бирлаштирди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғоялар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Унда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, миллий юксалишнинг устувор йўналишлари ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёти олдида турган муҳим вазифалар ҳақида фикр алмашилди.
Жиззах давлат педагогика университети Ахборот-ресурс марказининг мажлислар залида бошланган семинарнинг илк қисми Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси садолари билан очилди. Бу рамзий лаҳза тадбирнинг бош ғояси – Ватанга садоқат, миллий ғурур ва юрт келажагига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш билан уйғунлашди.


Семинарда тарих фанлари доктори, доцент Ўткиржон Ҳошимов, фалсафа фанлари доктори Шаҳло Аҳророва, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Маҳфуза Йўлдошева, социология фанлари доктори, халқаро тоифадаги мураббий Мавлуда Ғаффорова, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси ўринбосари Наим Ниязов ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими раҳбари Иқболой Умарова маърузалар билан иштирок этди.


Маърузаларда келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даврига айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган миллий дастурнинг етти йўналиши мазмун-моҳияти, уларнинг ўзаро узвийлиги ва давлат ҳамда жамият олдида турган янги стратегик вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.
Айниқса, мамлакат тараққиётининг узвий омиллари сифатида билим ва малака, соғлом ва фаровон ҳаёт, кучли иқтисодиёт, замонавий инфратузилма, ижтимоий ҳимоя, маънавий юксалиш ва миллий бирдамликнинг аҳамияти таъкидланди. Зеро, тараққиётнинг барқарорлиги нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки инсоннинг билимли, фаол ва жамият тақдирига дахлдор бўлиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.


Тадбирнинг маънавий таъсирини Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ўзбек келаётир, тарих қаъридан” видеоклипи янада кучайтирди. Унда халқимизнинг бой тарихи, миллий ғурури, аждодлар мероси, истиқлол йилларидаги бунёдкорлик ишлари ва Янги Ўзбекистоннинг келажакка интилиши таъсирчан ифода этилди.
Ўқув- семинарда 200 нафар соҳа вакили иштирок этди. Тарғибот ишларини самарали ташкил этиш учун жалб этилган 26 нафар олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларидан 12 нафари тарғибот ишларини олиб бориш учун суҳбат асосида саралаб олинди.

Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида илгари сурилган асосий ғоя ва ташаббусларни жойларда кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар онгида Ватанга садоқат, миллий ғурур, шукроналик, дахлдорлик ва юрт келажагига ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди.
“Маърифат карвони”нинг Жиззахдаги навбатдаги манзили шу жиҳатдан оддий ўқув-семинар доирасидан кенгроқ мазмун касб этди. У маърифатни ҳаракатга, тарихий хотирани миллий ғурурга, бирдамликни эса умумий мақсад сари интилишга айлантириш заруратини яна бир бор намоён этди. Семинарда фаол иштирок этган, ташаббускорлиги ва самарали фаолияти билан намуна кўрсатган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири