Биринчи чорак якунида чакана тўловлар ҳажми 32,8 триллион сўмга етди
2026 йилнинг I чораги якунлари мамлакатда рақамли молиявий хизматларга бўлган талаб изчил ортиб бораётганини яна бир бор намоён қилди. Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар Клиринг тизими орқали тижорат банклари ҳамда бошқа тўлов хизматлари етказиб берувчилари томонидан амалга оширилган операциялар ҳажми сезиларли даражада ўсди.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида Клиринг тизими орқали 39,9 миллионта тўлов амалга оширилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 20,2 фоизга кўпдир.
Тўловлар суммаси ҳам юқори суръатларда ўсиб, 25,5 триллион сўмдан 32,8 триллион сўмга етди. Натижада, бир йил ичида Клиринг тизими орқали ўтказилган операциялар ҳажми қарийб 28,7 фоизга ошгани қайд этилди.

Мазкур ўсиш аҳоли ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар оммалашиб бораётгани, рақамли банк хизматларидан фойдаланиш кўлами кенгайгани ҳамда онлайн тўлов инфратузилмаси тобора такомиллашаётганини кўрсатади.
Айниқса, Алоқабанк, Трастбанк, TBC Bank, Миллий банк ва Uzum Bank томонидан амалга оширилган операциялар фаоллиги юқори бўлгани қайд этилмоқда. Бу эса аҳолининг кундалик тўловлари, коммунал ва сервис хизматлари учун ҳисоб-китоблар ҳамда мобил иловалар орқали амалга оширилаётган молиявий операциялар сони ортиб бораётганидан далолат беради.
Экспертларнинг фикрича, рақамли тўлов тизимларининг кенгайиши иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва замонавий финтех ечимларни жорий этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА