“Беларусь карвони” номли иккинчи юк поезди Ўзбекистонга етиб келди
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Президентлари ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, Беларусь – Ўзбекистон йўналишида тўғридан-тўғри юк поездлари қатновини ташкил этиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Келишувлар доирасида Беларусь Республикасининг Витебск вилоятида жойлашган Орша-Восточная станциясидан йўлга чиққан “Беларусь карвони” номли иккинчи юк поезди 7 суткада Ўзбекистоннинг Чуқурсой станциясига етиб келди.
Жами 44 та вагондан иборат поезд таркибидаги юклар Чуқурсой станцияси орқали кейинчалик Ахтачи, Роустон, Назарбек ва Какир станцияларига етказиб берилади. Поезд таркиби ёғоч ва ёғочни қайта ишлаш маҳсулотлари, шакар, плита маҳсулотлари ҳамда турли халқ истеъмоли товарларидан иборат.
Мазкур юк поездининг қисқа муддатда манзилга етиб келиши Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини янада ривожлантириш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ҳамда мунтазам юк ташувларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА