Бекатдаги маърифат: имкониятни кенгайтириш вақти келди
Йўловчи учун бекат — оддий кутув манзили. Кимдир телефонга шўнғийди, кимдир атрофга термулади, яна кимдир сабр билан автобус кутади. Аммо Жиззахда шундай бир бекат борки, у ерда вақт шунчаки ўтмайди — у маънога, фикрга, ҳатто илҳомга айланади.
Шаҳарнинг Шароф Рашидов шоҳ кўчасида, вилоят ҳокимлиги яқинида жойлашган “Зиё бекати” — оддий ташаббус эмас, балки кутув маданиятини ўзгартиришга қаратилган амалий қадам. Ака-ука Ғайратжон ва Рустамжон Ҳожимуродовлар ташкил этган бу мўжаз кутубхона йўловчиларга маънавий озуқа улашишни мақсад қилган.
— Автобус кутаётганларнинг кўпчилиги вақтни бекор ўтказаётганини кўриб, оз бўлса-да фойда келтиришни истадик, — дейди ташаббускорлардан бири Рустамжон Ҳожимуродов. — Дастлаб уйимдаги 20 та китобни олиб келдим. Кейин дўстларимиз қўллаб-қувватлади ва китоблар сони 100 тага етди.
Самимий ниятдан туғилган бу ташаббус бугун кутув жойидан китобсеварлар учун кичик маънавият масканига айланиб бормоқда. Бу, албатта, қувонарли.
Бироқ ҳар қандай яхши ғоя ривожни талаб қилади. “Зиё бекати” ҳам айнан шу босқичга келиб қолди.

Бугун бу ердаги китоб фонди чекланган, танлов эса турли ўқувчиларни узоқ вақт жалб этиш учун етарли эмас. Бу эса ташаббус таъсирини маълум даражада чекламоқда.
Ҳолбуки, дунё тажрибасида бекат кутубхоналари анча кенг қамровли. Қатор шаҳарларда улар нафақат қоғоз китоблар, балки мунтазам янгиланадиган газета-журналлар, QR-код орқали электрон китоблар, аудиокитоб ҳаволалари, китоб алмашиш (“bookcrossing”) тизими ва ҳатто қисқа адабий тадбирлар билан бойитилган.
Хўш, нега “Зиё бекати” ҳам шундай имкониятларга эга бўлмаслиги керак?
Катта маблағ талаб этмайдиган, аммо юқори самара бериши мумкин бўлган ечимлар мавжуд: QR-код орқали электрон кутубхонага уланиш, мобил иловалар билан интеграция ёки ҳеч бўлмаганда кунлик матбуотни жойлаштириш. Бу нафақат келувчилар сонини, балки уларнинг қизиқишини ҳам оширади.

Энг муҳими, бундай “зиё нуқталари” китобхонлик маданиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Чунки инсонни китобга яқинлаштириш учун баъзан катта кутубхона эмас, балки ана шундай кичик, самимий муҳитнинг ўзи кифоя.
“Зиё бекати” — яхши ниятдан туғилган ғоя. Энди уни мазмунан бойитиш, замонавий ечимлар билан қўллаб-қувватлаш орқали ҳақиқий маънавий манзилга айлантириш мумкин.
Бу жараёнда маҳаллий ҳокимлик, Ёшлар ишлари агентлиги ва жамоатчилик ҳамкорлиги айниқса муҳим. Зеро, бир бекатда бошланган маърифат эртага кенг жамият тафаккурига таъсир ўтказиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири