Беҳруз Каримов жамоасининг Конференциялар лигасидаги рақиблари бугун аниқ бўлади
Ўзбек ўғлони Беҳруз Каримов тўп сураётган "Лугано" клуби УЕФА Конференциялар лигасининг умумий босқичига йўлланма олди.
Клуб саралашнинг плей-офф босқичида Исроилнинг «Маккаби Тель-Авив» жамоасига қарши баҳс олиб борди. Биринчи учрашувда «Лугано» ўз майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Жавоб учрашувида мезбонлар 69-дақиқада Дор Перецнинг пенальтидан урган голи эвазига ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, 79-дақиқада Дерек Монкада «Лугано»нинг жавоб голини киритди. Натижада учрашув 1:1 ҳисобида якунланди ва икки ўйин натижасига кўра Швейцария клуби 3:2 ҳисобида устун келди.
Беҳруз Каримов ушбу учрашувда 82-дақиқада майдонга тушди. Шу тариқа ҳамюртимиз «Лугано» сафидаги илк расмий ўйинини ўтказди. УЕФА маълумотларида ҳам Каримов «Лугано» футболчиси сифатида қайд этилган.
Эндиликда Беҳруз Каримов ва унинг жамоаси Конференциялар лигасининг умумий босқичида иштирок этади. Бу босқичда 36 та клуб иштирок этади ва ҳар бир жамоа олтита учрашув ўтказади. «Лугано» қуръада учинчи саватдан жой олган.
Европа Конференциялар лигасининг 2026/27 йилги мавсуми умумий босқичига қуръа ташлаш маросими 28 август куни Монакода бўлиб ўтади. Маросим Тошкент вақти билан 16:00 да бошланади.

Қуръа олдидан жамоалар олтита саватга ажратилди:
1-сават: «Аталанта» (Италия), «Брага» (Португалия), «Аякс» (Нидерландия), «Фрайбург» (Германия), «Монако» (Франция), «Копенгаген» (Дания).
2-сават: «Мидтьюлланн» (Дания), «Црвена Звезда» (Сербия), «Гент» (Бельгия), «Панатинаикос» (Греция), «Пафос» (Кипр), «Брайтон» (Англия).
3-сават: «Лугано» (Швейцария), «Хетафе» (Испания), «Твенте» (Нидерландия), КуПС (Финляндия), «Борац» (Босния ва Герцеговина), «Сент-Труйден» (Бельгия).
4-сават: «Линкольн» (Гибралтар), «Бранн» (Норвегия), «Хартс» (Шотландия), «Қайрат» (Қозоғистон), «Трабзонспор» (Туркия), «Университатя» (Руминия).
5-сават: «Рига» (Латвия), «Хайдук» (Хорватия), «Яблонец» (Чехия), «Нордшелланн» (Дания), «Интер Клуб Эскальдес» (Андорра), «Орхус» (Дания).
6-сават: «Тун» (Швейцария), ЦСКА (Болгария), «Кауно Жальгирис» (Литва), «Мьельбю» (Швеция), «Иберия 1999» (Грузия), «Эгнатия» (Албания).
Умумий босқичдаги учрашувлар 15 октябрдан бошланади. Баҳсларнинг иккинчи тури 22 октябрь, учинчи тури 5 ноябрь, тўртинчи тури 26 ноябрь, бешинчи тури 10 декабрь ва олтинчи тури 17 декабрь куни ўтказилади.
Мусобақанинг плей-офф босқичи 2027 йил 18 ва 25 февраль, 1/8 финал 11 ва 18 март, чорак финал 8 ва 15 апрель, ярим финал 29 апрель ва 6 май кунлари бўлиб ўтади. Финал учрашуви эса 2 июнь куни Истанбулдаги «Бешиктош Парк» стадионида ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА