Байрамолди савдо ярмаркалари бошланди
Қиш фасли бўлишига қарамасдан шу кунларда бозорларни оралаган киши турфа ноз-неъматларни кўриб, она ер саховати, деҳқон ҳимматига таҳсин айтади. Бозорлар юрт кўрки, рўзғоримиз бутлиги кўзгусидир.
Янги йил байрамига ҳам саноқли кунлар қолди. Байрамлар арафасида юртимизнинг тадбиркору фермерлари шаҳар аҳолиси учун ўзига хос совға ҳозирлаши анъанага айланган.
“Тошбозорсавдо” уюшмасидан маълум қилишларича, жорий йилда ҳам пойтахтимиздаги деҳқон бозорларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари фаолият кўрсатмоқда. Байрамолди савдо ярмаркаларида “Ўзулгуржисавдоинвест” ва Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси тизимидаги ташкилотлар томонидан аҳолига маҳсулотларни мақбул нархларда етказиб бериш, банк пластик карточкалари орқали савдо қилиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси пойтахт аҳолисига манзур бўлмоқда, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги “Наврўз деҳқон бозори” бош мутахассиси Қодир Дўстмуҳамедов. – Ярмаркада Тошкент ва Сирдарё вилоятлари фермерлари деҳқончилик ва боғдорчилик, Хоразм вилояти фермерлари гўшт маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналар байрам дастурхони учун тайёр маҳсулотларни тақдим этмоқда.
– Фермерларга берилган имтиёзлар боис, хўжалигимизнинг даромади кўпаймоқда, – дейди Сардоба туманидаги “Қува чўлқувари” фермер хўжалиги раҳбари Азамат Саматов. – Бу йил олти гектар боғдан унумли фойдаланиш мақсадида полиз ва сабзавот маҳсулотлари ҳам парваришладик. Ҳар гектардан 250 центнердан полиз, 300 центнердан сабзавот маҳсулотлари етиштирдик. Маҳсулотимизнинг бир қисмини пойтахт аҳолиси учун олиб келдик.
– Истиқлол йилларида бозорларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди,– дейди харидор Зокир ота Тоиров. – Қишда ҳам сархил маҳсулотлар сероблиги юртимиздаги тўкинлик, байрам арафасида аҳолига яратилаётган қулайликлардан далолатдир. Биз ҳам набирам билан байрам дастурхонига керакли маҳсулотлар харид қилиш учун келдик.
Пойтахтимизнинг бошқа бозорларида бўлгани каби “Наврўз деҳқон бозори”да ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бир қаторда юртимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан тайёрланган маҳсулотлар сероб.
– Корхонамизда 15 хил мева шарбати ишлаб чиқарилади, – дейди “Master Global Plus” масъулияти чекланган жамияти директори Одилжон Собиржонов. – Ярмарка бошланганидан буён аҳолига 40 минг дона қадоқланган мева шарбати етказиб бердик. Яна 100 минг дона шарбат сотишни режалаштирганмиз.
Бозор ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги юмушларни янада жонлантириш учун жамоатчилик назорати ташкил этилган. Сотувчи ва харидорлар учун қулайлик яратиш мақсадида бозор мажмуи ёнида шаҳар транспорти бекати, автомобиллар тўхташ жойи ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилган.
– Юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишлар самараси бозорларимизда ҳам яққол намоён бўлмоқда, – дейди харидор Феруза Султонова. – Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тўкинлик, халқимиз турмуш фаровонлиги янада зиёда бўлиши йўлидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар мевасидир.
Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги йирик шаҳар ва туман марказларида ҳам кенг турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари байрамолди савдо ярмаркалари ташкил этилган.
Мазкур савдо ярмаркалари 2015 йил 5 январгача давом этади.