Башар Асад сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди
Суриянинг Дамашқдаги Тўртинчи жиноий суди собиқ раҳбар Башар Асадни инсониятга қарши ва уруш жиноятида айбдор деб топди. Суд уни бегуноҳ аҳоли, жумладан болаларни ўлдиришга буйруқ бериш, қийноқ ва ноқонуний қамоқ учун жавобгар дея баҳолади. Асад судга келмаган ва сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Унинг укаси Моҳир Асад ҳам шундай жазога маҳкум этилди.
Башарнинг она томондан қариндоши Атиф Нажиб ҳам ўлим жазосини олди. У судда иштирок этди ва 2011 йил Дараъ шаҳридаги намойишни бостиришга раҳбарлик қилгани учун, хусусан қотиллик, 15 ёшга тўлмаган болаларни қасддан ўлдириш ҳамда ўлимга олиб келган қийноққа солишда айбланган. Судья гувоҳлар Асад давлат тизимидан жиноят амалга оширишда фойдаланганини тасдиқлаганини айтди.
Асад режимига қарши далиллар орасида “Сезар” фотолари ҳам бор. 55 минг суратда ҳукумат қамоқхоналарида қийноқ, очлик ёки қатл оқибатида ҳалок бўлган қарийб 11 000 маҳбус акс этган. 2013 йил Дамашқ яқинидаги Ғута ҳудудида зарин гази қўлланган ҳужумда тахминан 1 400 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, аҳоли яшайдиган ҳудудларга 80 000 дан ортиқ бочкасимон бомба ташлангани ҳақида маълумот келтирилган.
Башар ва Моҳир 2024 йил декабрда мухолифат Дамашққа киргандан кейин Россияга қочган. Уруш даврида Москва Асад ҳукуматига дипломатик ва ҳарбий ёрдам кўрсатгани, Эрон ҳам яқин иттифоқчи бўлгани айтилади. Асад режими вакилларига қарши иш бошқа давлатларда ҳам кўрилган. Германия суди собиқ разведка ходими Анвар Раслонни инсониятга қарши жиноятда айбдор деб топган. Франция суди эса 2024 йил Сурия разведкасининг уч юқори лавозимли амалдорини сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА