Барқарор электр энергияси билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда
“Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖда қуввати 650 мегаватт бўлган янги буғ-газ қурилмаси барпо этилмоқда. Ҳозирда қурилиш, монтаж ишлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида эса йилига 4 миллиард 786 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса барқарор электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Ҳозирда қурилиш жараёнига 4700 нафар маҳаллий ва хорижий мутахассислар, шунингдек, 185 та махсус техника жалб этилган.

Замонавий технологиялар асосида барпо этилаётган мажмуада ёқилғи энергиясидан самарали фойдаланиш ва қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш имконияти ҳам яратилади. Лойиҳанинг умумий қиймати етти юз 786,7 миллион долларни ташкил этади. Учинчи буғ-газ қурилмасининг барпо этилиш лойиҳасида дунёда мазкур соҳада етакчи бўлган Япония компаниялари томонидан замонавий газ ва буғ турбиналари, утилизатор қозон қурилмалари ўрнатилмоқда.

- Лойиҳада қурилиш ишлари энг муҳим босқичга етган, - дейди корхона масъул ходими Баҳодир Жамолов. - Айни пайтда асосий эътибор қувур тармоқлари ва электр ишларига қаратилмоқда. Тажриба-синов ишларини декабрь ойида амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бу ерда Япониянинг “Mitsubishi Power” компанияси томонидан етказиб берилган газ турбинаси қўлланилмоқда. У дунёдаги энг юқори самарадорликка эга газ турбиналаридан бири ҳисобланади. Шунинг учун мазкур буғ-газ электр станциясида биз электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг юқори даражадаги самарадорлигига эришамиз.

Янги қувватларнинг ишга туширилиши мамлакат энергетика тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлаш, саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳамда аҳоли учун ишончли электр таъминотини йўлга қўйиш учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири