Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли республика, шаҳар ва туман “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, уларда замонавий тўгараклар ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш мониторингига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ижодий қобилиятини аниқлаш ва ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган беш ташаббус амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шу асосда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш ва мактабдан ташқари таълим самарадорлигига эришиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича битта республика, 17 та шаҳар ва туман “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият юритмоқда. Ушбу мактаблардаги жами 905 та тўгаракка 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 28 минг 300 нафар ўқувчи жалб этилган бўлиб, уларга 950 нафар педагог кадр мактабдан ташқари таълим-тарбия бериб, касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.
– “Баркамол авлод” болалар мактабларининг асосий вазифаси, болаларнинг қизиқишига кўра уларнинг ижодий ва санъатга бўлган қобилиятларини ривожлантириш, фойдали дам олишини ташкил этиш, уларда меҳнатга, касбга тайёргарликнинг дастлабки ўқув кўникмаларини сингдиришдан иборат. Шунингдек, фан ва техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига асосланган ҳолда техник қурилмалар ва компьютер технологиялари ишларини ўрганишни ташкил этган ҳолда болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш, улар томонидан ўлкамиз тарихи, археологик ва маданий меросини чуқур ўргатиш, мамлакатимизнинг табиий бойликлари билан таништириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги асосий билимларни эгаллаш ёрдамида ўқитишнинг янги шаклларини кенг жорий этишдир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби Оммавий тадбирларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Дилфуза Ембергенова.
[gallery-23083]
Семинарда “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги тўгаракларга ўқувчиларни қамраб олиш, уларнинг фаолияти бўйича шаҳар ва туман мактабларида амалга оширилаётган ишларнинг бориши бўйича ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича Мўйноқ, Бўзатов, Қонликўл, Кегейли, Нукус туманлари “Баркамол авлод” болалар мактаблари мисолида фикр алмашувлар ўтказилди ва амалий методик ёрдамлар кўрсатилди.
Мактаблардаги тўгаракларга ўқувчиларнинг иштирокини кучайтириш ва ўқувчиларни қамраб олиш даражасини янада ошириш мақсадида таълим муассасаларида, маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши, уларда ташкил этилган тармоқ тўгаракларининг ишларини такомиллаштириш ва уларга методик ёрдам кўрсатишлари бўйича Нукус шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Гулпаршин Рзаева маълумот берди. Бу борада Тахтакўпир, Амударё, Қўнғирот туманларидаги мактаблар фаолияти ва келгусидаги режалари бўйича ҳисоботлари тингланди.
Ўқувчиларнинг мактабдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказишга йўналтирилган тадбирлар ва уларни ўтказиш тартиби, уларнинг республика босқичларида эришган натижалари ва келгуси режалар, шунингдек, тўгарак аъзолари ўртасида ўтказилаётган маҳаллий ва халқаро танловларнинг аҳамияти бўйича ҳам кенг фикр алмашилди.
Шундан сўнг республика танловларининг ҳудудий босқичларини ўтказиш тартиби, ҳужжатларнинг тўғри юритилиши, асосий кўрсаткичлар жадвалининг тўлдирилиши, педагог ходимларнинг малакасини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда ўқувчиларни қамраб олиш, олий маълумотли педагог мутахассислар ва бюджетдан ташқари маблағ топиш бўйича мониторинг кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА