Банк сармояcи – халқ фаровонлиги учун
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида банк-молия тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш таъминланмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида банк-молия тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш таъминланмоқда.Ушбу жараёнда етакчи молия муассасаларидан бири – “Асака” давлат акциядорлик тижорат банки ҳам фаол иштирок этмоқда. 26 филиал, 103 мини-банк, 480 дан ортиқ жамғарма, махсус ва сайёр кассалар орқали хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолига молиявий хизматлар кўрсатаётган банкнинг фаолият кўлами барқарор суръатлар билан кенгаймоқда. Натижада жаҳоннинг нуфузли “Moody’s Investors Service” ва “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентликлари “Асака” банки фаолиятини юқори баҳоламоқда. Бунда мувозанатлашган ликвидлик, молиявий натижаларни яхшилаш инобатга олинган бўлиб, банк активларининг тез ўсишига алоҳида эътибор қаратилади.
Банк матбуот хизматидан маълум қилишларича, 2014 йилнинг 9 ойи давомида банк активлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 858,5 миллиард сўмга ўсган. Иқтисодиётнинг турли соҳаларини ривожлантириш мақсадида 1262,6 миллиард сўм сармоя йўналтирилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида уй-жой қурилиши учун пудратчи ташкилотларга 72,2 миллиард сўм кредит ажратилиб, 74 кўп қаватли турар жой биноси қурилди.
Банк автомобилсозлик, тоғ-кон, нефть-газ, кимё, энергетика, енгил, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, транспорт, қурилиш ва бошқа тармоқларга оид инвестиция лойиҳаларини ҳам фаол молиялаштирмоқда. Бунинг учун жорий йилнинг ўтган даврида 641,7 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларда ҳам банкнинг ҳиссаси ошмоқда. Уларга кўрсатилаётган хизматлар турини кенгайтириш, сифатини янада яхшилаш ва кредит маблағлари ҳажмини кўпайтириш мақсадида 752,1 миллиард сўм сармоя ажратилди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга 63,8 миллиард, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 113 миллиард, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандликка 7 миллиард, битирувчиларни тадбиркорликка жалб этиш учун 7,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани бунинг далилидир.
Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудида, айниқса, меҳнат ресурслари зич жойлашган минтақаларда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда қўл келди.
“Асака” банки қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалик корхоналарига молиявий кўмак бериш орқали агротехник тадбирларни самарали ўтказиш учун 124,5 миллиард сўм кредит йўналтирди. Ушбу маблағлар қишлоқ хўжалигини турли русумдаги юқори унумли замонавий қишлоқ хўжалик техникаси билан таъминлаш, давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла хомашёсини етиштириш, чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш каби мақсадлар учун сарфланди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсишида реал секторга қаратилаётган эътибор ҳамда банк маблағларининг барча тармоқларга изчил жалб этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳозир банкларнинг ривожланиш стратегияси айнан реал сектордаги ўсиш билан чамбарчас боғлиқ. Банклар корпоратив мижозларнинг эришган даражаларини сақлаб қолиш билан бирга, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратиб бермоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда банк кредитлари корхоналарнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, янги технологияларни татбиқ этиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Шу боис банк балансига қабул қилинган банкрот корхоналарга 38 миллиард сўм миқдорида инвестициялар киритилиб, 4 минг 585 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Банкрот корхоналар негизида 13 шўъба корхона ташкил қилиниб, 43 корхона инвесторларга сотилди. Ишлаб чиқариш фаолияти тикланган банкрот корхоналарда 364,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 49,8 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш ҳам доимий эътиборда. Айни пайтда банк мижозлар учун миллий ва хорижий валютадаги тўқсондан ортиқ омонат турини таклиф этмоқда. Аҳолининг эркин пул маблағларини омонатларга жалб этишни янада рағбатлантириш юмушлари туфайли омонатчилар сони 1 миллион 426 минг нафардан ошди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизими янада ривожланмоқда. Жорий йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, 1,4 миллион донадан ортиқ пластик карточка муомалага чиқарилди, 9 минг 770 дан зиёд терминал, 27 банкомат ва 46 инфокиоск ўрнатилди.
Пластик карточкалар орқали амалга оширилаётган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ҳам кенгаймоқда. Ўрнатилган барча инфокиоск ва банкоматлар UZ PAYNET тўлов тизимига уланган бўлиб, мижозлар пластик карточка орқали барча коммунал хизматлар, уяли алоқа учун тўловларни амалга ошириш, қайси банк эмитенти бўлишидан қатъи назар, ўз ҳисобрақамидаги пул маблағлари бўйича маълумотларни олиш ва пул маблағларини карточкаларга юклаб олиш имкониятига эга. Master Card ва Maestro халқаро пластик карталари эгаларига “Асака” банки банкоматларидан нақд пул маблағларини ўз истакларига кўра миллий валютада ёки АҚШ долларида олиш имконияти яратилди. Халқаро пластик карточкалар (Master Card) орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг автоматлаштирилган тизимини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Соғлом бола йилида “Асака” банки юқори сифатли банк хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишга мўлжалланган хусусий тадбиркорлик субъектлари, жумладан, оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда фаоллик кўрсатмоқда.