Банк кредитлари – фаровон турмушга
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича банк тизимида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича банк тизимида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти директори А.Қосимов ва бошқалар мамлакатимиз банк-молия муассасалари томонидан хотин-қизларнинг уй-рўзғор юмушларини енгиллатиш, ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантириш, ёш оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашиш орқали оилалар турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилганини таъкидлади.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида 2014 йил давомида 4 триллион 509,2 миллиард сўм ва 302,9 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиши, шундан банк кредитлари 1 триллион 810,6 миллиард сўмни ташкил этиши кўзда тутилган эди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини имтиёзли шартлар асосида молиялаштиришга 200,9 миллиард сўм ёки Давлат дастурида кўзда тутилган прогнозга нисбатан 1,7 баробар кўп сармоя ажратилди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 1 триллион сўм миқдорида кредитлар йўналтирилди. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида сарфланган ушбу маблағлар кўплаб ёшларнинг бизнес лойиҳаларини ривожлантириш, оилавий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиш билан бир қаторда 250 мингдан зиёд янги иш ўрни яратишда қўл келди.
Дастур доирасида хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, банклар томонидан аёлларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш ва уй-рўзғор буюмлари сотиб олиш учун 57,3 миллиард сўм миқдорида истеъмол кредитлари ажратилди.
Шу билан бирга, қатор танловлар ўтказилиб, ғолибларга имтиёзли сармоялар ажратилди. “2014 йилнинг энг яхши тадбиркор аёли” танловида элликка яқин ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа эгаларига қимматбаҳо совғалар ва 3,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. “Қорақалпоғистонлик аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида юздан ортиқ кам таъминланган оила аёлларининг иқтисодий билимини ошириш ва бизнес-режа тайёрлаш борасида ўқувлар ташкил этилди.
Қишлоқ аҳолисини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, уларнинг маиший турмуш даражасини ошириш ҳам доимий эътиборда. Шу мақсадда намунавий лойиҳалар асосида замонавий турар жойлар, ҳар бир вилоятда ёш оилалар учун “Камолот” уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Минглаб ёш оилалар банкларнинг имтиёзли ипотека кредитидан фойдаланиб, уй-жой харид қилиш, қуриш ва таъмирлашга муваффақ бўлди.
Тадбирда Кексаларни эъзозлаш йилида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида тузилаётган режалар юзасидан маълумотлар берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.