Баҳор мавсумида 5 миллион 912 минг туп кўчат экилади
Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудлар улушини кенгайтириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Ушбу мақсадлар ижросини таъминлашда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳудудларда аниқ рақамлар ва амалий натижалар орқали ўз ифодасини топмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар тизимли ташкил этилган бўлиб, жорий йил баҳор мавсумида 5 миллион 912 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ҳудудда яшил ҳудудлар улушини ошириш бўйича белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётганини кўрсатади.
Белгиланган режаларни таъминлаш мақсадида олдиндан мустаҳкам моддий база яратилган. Хусусан, вилоятда жами 3 миллион 200 минг туп кўчат захираси тайёрланган. Ушбу заҳиранинг 2 миллион 108 минг тупи ўрмон хўжаликлари, 487 минг тупи кўчатчиликка ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари, 551 минг тупи аҳоли томорқалари ва тадбиркорлик субъектлари, 20 минг тупи эса Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги илмий-тадқиқот муассасасининг Жиззах илмий тажриба станцияси томонидан етиштирилган.
— Бу рақамлар ортида фақат статистика эмас, балки тизимли ҳамкорлик ва режали иш ётади, — дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси шуъба мудири Қобил Мингбоев. — Энг муҳими, кўчат экиш ишлари ҳудуднинг табиий шароитига мос равишда амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда анъанавий усуллар билан чекланиб қолинмай, табиий шароитдан келиб чиққан ҳолда янги агротехник ечимлар жорий этилмоқда. Жумладан, тоғли ва қия ҳудудларда ўрмонзорлар барпо этишда “терасса” усулига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда Зомин тумани тоғли ҳудудларида 600 гектар, Бахмал туманида эса 360 гектар майдонда айнан шу усул асосида кўчат экиш ишлари амалга оширилмоқда. “Терасса” усули қия ерларда тупроқни поғонали шаклда текислаш орқали ёмғир ва қор сувларини ушлаб қолиш, намликни сақлаш ва тупроқ ювилиб кетишининг олдини олиш имконини беради. Бу эса сув ресурслари чекланган шароитда ҳам юқори самарадорликка эришиш имконини яратади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам амалий натижалар кузатилмоқда. Хусусан, Бахмал туманида фермер хўжаликлари томонидан 200 гектардан ортиқ майдонда 230 мингдан зиёд мевали дарахт кўчатлари экилди. Бу эса ҳудудда интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Йўл инфратузилмаси атрофини кўкаламзорлаштириш ҳам изчил давом этмоқда. “Йўл кўкалам” давлат муассасаси томонидан Шароф Рашидов ва Пахтакор туманлари ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўллари бўйларида 200 минг тупдан ортиқ тез ўсувчи терак кўчатлари экилиб, “яшил белбоғлар” барпо этилмоқда. Бу ташаббус атмосфера ҳавосини тозалаш, чанг ва шамол таъсирини камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Фориш туманида Айдар-Арнасой кўлига туташ чўл ҳудудларида 200 гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этиш режалаштирилгани ҳудудларни экологик жиҳатдан тиклашга қаратилган манзилли чоралардан далолат беради.
Умуман, Жиззах вилоятида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар нафақат кўчат экиш билан чекланиб қолмаяпти. Балки у ҳудудларнинг табиий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёндашувни танлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва аниқ натижаларга эришишга қаратилган тизимли жараёнга айланмоқда.
Бу эса “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва яшил ҳудудлар улушини ошириш каби вазифалар ижроси амалда таъминланаётганини яққол кўрсатади.
А. Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА