“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар доимий эътиборда
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Бунда давлатимиз раҳбарининг хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида белгилаб берилган вазифаларидан келиб чиқиб, “Аёллар дафтари” тизими ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Энг аввало, хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш тизимининг натиждорлиги, мавжуд муаммоларнинг ўз вақтида самарали ечим топишини кафолатлаш ушбу ислоҳотларда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим омиллардан биридир.

Шу боис, хатлов жараёнларида ижтимоий соҳадаги муайян муаммоларга ечим излаётган бирорта хотин-қизни эътибордан четда қолдирмаслик, уларнинг муаммоларини пухта ўрганган ҳолда “Аёллар дафтари” тизими доирасида ҳал этиш бирламчи вазифа сифатида белгилаб олинди.

2-босқич жараёнлари Навоий вилоятининг 11 та шаҳар ва туманларидаги 307 та фуқаролар йиғинларида жорий йил июль ойининг биринчи ўн кунида амалга оширилди.
Умумий ҳисобда 201 минг 954 нафар хотин-қизнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари анкета-сўровномалари орқали хатловдан ўтказилди.
Уларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда ёрдамга муҳтож 15 минг 265 нафари “Аёллар дафтари”га киритилди.
Хатлов натижаларига кўра, “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар 9 та тоифага ажратилди ва халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлари Сессиясида атрофлича муҳокама этилиб тасдиқлаб олинди.

Вилоятда хотин-қизлар муаммолари билан манзилли ишлаш ва уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати қатъий назоратга олиниб, “Аёллар маслаҳат кенгаши” жамоатчилик тузилмаларининг бевосита ҳудудий ҳокимликлар билан тизимли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
“Аёллар дафтари” тизими асосида олиб борилган ишлар натижасида 15 минг 265 нафар хотин-қизга белгиланган тартибда ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди ва уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Хусусан, 4200 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, шундан 1211 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 19 миллиард 450 миллион сўм, 105 нафарига эса фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси ҳисобидан 100,2 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
2300 нафар боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аёлларнинг ҳар бирига 980 минг сўмдан нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдамлар тарқатилди. Ушбу маблағлар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилди.
Шунингдек, ушбу тоифа хотин-қизларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 468 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, 4680 бош парранда ва бир ойлик омухта ем маҳсулотлари етказиб берилди.
Тадбирлар давомида уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 27 нафар оиланинг уй жойи таъмирланган бўлса, 13 нафар нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилди.
Қарамоғида бир ва ундан ортиқ 1- ёки 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Олиб борилган сайъ-ҳаракатлар натижасида 167 нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, ушбу тоифадаги хотин-қизларга жами 2060 бош парранда ва бир ойлик омухта ем маҳсулотлари тарқатилди.
Халқимизда “Саломатлик туман бойлик”, деган ибратли нақл бор. 2-босқич натижасида “Аёллар дафтари”га киритилган 3970 нафар тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 2386 нафар ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёллар учун суд, адлия, прокуратура ва ички ишлар органлари қабули ташкил этилиб, уларга ижтимоий масалаларга оид ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди ҳамда мавжуд муаммолари бартараф этилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар учун турли идораларнинг малакали психологлари томонидан зарурий муолажалар қўлланилиб, улардаги ўзгаришлар бўйича мониторинг тизими йўлга қўйилди. Ҳар бир бемор бўйича ташкил этилган назорат дафтарларида кузатувлар қайд этиб борилди.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 547 нафар хотин-қиз учун “Аёллар маслаҳат кенгашлари”да малакали психологлар қабули ташкил этилди. 83 нафари “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази” психологларига, 30 нафари аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузуридаги “Хотин-қизлар ҳуқуқий психологлари”га, 1542 нафари эса олий таълим, халқ таълими, ички ишлар тизимларининг психологларига бириктирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир ҳудудда“Аёллар дафтари” тизими билан ишлаш бўйича ҳудудий Штаблар фаолияти ва мониторинг тизими йўлга қўйилган бўлиб, амалга оширилаётган ишлар доимий назоратга олинган.
Назира Тоғаева,
Навоий вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА