Бухорода “Маърифатли аёл Ватан саодатидир” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят “Аёл маърифати” жамоат кенгаши ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, шунингдек, Бухоро шаҳридаги маҳалла хотин-қизлар фаоллари жам бўлди.

Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ташкил этилган мазкур давра суҳбатида оила ва турмушда аёллар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, эрта туғруқларнинг олдини олиш, оила маънавияти ва аёллар маърифатини ошириш борасида сўз юритилди. Бу борада республика ишчи гуруҳи аъзолари – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Сайёра Тўйчиева ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги, оилалар маънавиятини юксалтиришда тарғибот тадбирлари аҳамияти, мамлакат ва жамият тараққиёти ва фарзанд тарбиясида аёллар ва оналарнинг ўрни хусусида фикр алмашди.

Жорий йил бошидан вилоятдаги мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар ижтимоий турмуши, уларни қийнаётган ташвиш-муаммоларга доир хатлов ишлари амалга оширилган. Барча шаҳар ва туманларда штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, “маҳалла еттилиги” секторлар ишчи гуруҳлари билан биргаликда анкета-сўровнома асосида уйма-уй юриб, ўрганилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова ҳамроҳлик қилган республика ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро шаҳридаги Президент мактабида “Маърифатли қиз – келажак бунёдкори!” мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда иштирок этди.

Тадбирда китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг асосий манбаи, қолаверса миллатнинг маданий ва маънавий мероси, хусусан, қизлар таълим-тарбияси, уларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида сўз борди.
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган маданий дастур тадбирга ўзгача руҳ бахш этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.