Ахсикент ёдгорлигида янги топилмалар аниқланмоқда
Баҳор фасли келиб, кунлар исий бошлагач, археологлар ҳам чала қолган қазишма ишларини давом эттириш учун ёдгорликлар томон йўл олишди.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган Ахсикент ёдгорлигида Миллий археология маркази докторантлари, илмий ходимлари, Ахсикентни ўрганиш дирекцияси ходимлари билан биргаликда, Наманган давлат университети талабаларини жалб қилган ҳолда, 3 та ташкилот ўзаро ҳамкорликда қидирув ишларини олиб бормоқда.
—Ахсикент жуда ҳам ноёб топилмаларга бой бўлган ёдгорлик, —дейди Миллий археология маркази катта илмий ходими Суръат Кубаев.
— Ҳали у ердаги ёдгорликларнинг юздан бир қисми ҳам ўрганилгани йўқ.
Археологлар изланишлар давомида ер ости иншоотига дуч келдилар. Қазув ишлари давом этгани сайин бетакрор йўлак ва зиналар орқали ер қаърига чуқурроқ тушиб борилмоқда.
Майдони 100 гектарни ташкил этувчи археологик ёдгорликнинг 11 қазув объектида аниқланган ушбу бутун иншоот археолог олимлар томонидан ўрганилмоқда.
Пишиқ ғиштдан қурилган, махсус йўлак орқали зиналардан тушиладиган, арка шаклида қурилган бу топилма жуда яхши сақланган. Зиналар орқали пастга тушадиган бу иншоотлардан нима мақсадда фойдаланишгани бўйича ўрганишлар кетмоқда.
—Албатта буни атрофлича тадқиқ қилиш керак. Дастлабки хулосаларга кўра, бу иншоот қимматли маҳсулотлар ёки озиқ -овқат маҳсулотлари сақлаш хоналари бўлганини тахмин қилмоқдамиз. Аниқ маълумотлар қазув тўла якунланганидан сўнг берилади, - дейди Ахсикент Археология парки илмий ходими, археолог Шукрулло Насриддинов.
Ҳозирда қазиш ишлари давом этмоқда. Ер ости хонаси тўла очилгандан сўнг, унинг ўлчамларига аниқлик киритилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА