Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Бу жараён мамлакатимиздаги ислоҳотлар, иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва медиа соҳасидаги янгиланишлар халқаро ахборот маконида қандай акс этаётганини кўрсатади.
Казинформ: Ўзбекистон 2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сонини 20 миллионга етказмоқчи

Қозоғистоннинг Казинформ агентлиги Ўзбекистон 2030 йилга қадар туризмнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 7 фоизга етказиш, туризм хизматлари экспортини 8 миллиард доллардан оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди.
Нашрда 2025 йилда Ўзбекистонга қарийб 12 миллион нафар хорижий сайёҳ келгани, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан олти баробар кўп экани қайд этилган. Шу даврда туризм хизматлари экспорти 11 баробар ошиб, 4,8 миллиард долларга етган.
Мақолада Хивада халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Самарқандда Ипак йўли музейини қуриш, Қорақалпоғистонда археологик объектларга янги туристик йўналишлар очиш режалари ҳам тилга олинган. Шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологияни туризмга жорий этиш, ягона миллий туристик платформа яратиш ҳамда гастрономик, экологик, зиёрат, тиббий ва бошқа туризм йўналишларини ривожлантириш режалари ёритилган.
Синьхуа: Бухоро туризми жадал ривожланмоқда; Ўзбекистон инновацион индексда юқорилади

Хитойнинг Синьхуа ахборот агентлиги Бухоро Буюк ипак йўлидаги қадимий шаҳар сифатида дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳларни жалб қилаётганини эътироф этди.
Агентлик Бухоронинг бой тарихи ва маданий мероси, шаҳарнинг халқаро туризм маркази сифатидаги аҳамиятига эътибор қаратган.

Шунингдек, Синьхуа Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан эълон қилинган 2026 йилги Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 139 та иқтисодиёт орасида 77-ўринни эгаллаганини хабар қилди. Мамлакат ўтган йилги натижага нисбатан икки поғона юқорилаган.
Ўзбекистон даромади паст ва ўрта даражадаги 36 давлат орасида 8-ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида эса 11 давлат орасида 4-ўринни эгаллаган. “Инновацион ресурслар” субиндексида мамлакат 68-ўринни, “Инновацион натижалар” субиндексида эса 78-ўринни қайд этган. Ўзбекистон 2015 йилда мазкур рейтингга биринчи марта киритилганида 141 та иқтисодиёт орасида 122-ўринда бўлган.
Азертаж: Ўзбекистонда дата-марказларга инвестиция 6 миллиард доллардан ошди

Озарбайжоннинг Азертаж агентлиги Ўзбекистонда дата-марказлар қурилиши бўйича инвестиция мажбурияти ҳажми 6 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.
Нашрда мамлакат сунъий интеллектни ривожлантириш ва хорижий ҳисоблаш ресурсларига қарамликни камайтириш мақсадида Ўзбекистон ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириб бораётгани қайд этилган. NVIDIA технологиялари асосида яратилган давлат ҳисоблаш кластери фойдаланишга топширилганидан кейинги биринчи ойда 90 фоиз юклама билан ишлаган.
Шунингдек, Азертаж Саудия Арабистонининг “DataVolt” компанияси Тошкентда 12 мегаватт қувватга эга дата-марказ барпо этаётгани, келгусида унинг қувватини 300 мегаваттга етказиш режалаштирилганини ёзган.
БТА: Ўзбекистон МДҲ геология соҳасидаги ҳамкорликда иштирок этмоқда

Болгария телеграф агентлиги Ўзбекистон делегацияси Минскда ўтказилган МДҲнинг минерал ресурсларни ўрганиш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича Давлатлараро кенгашининг 29-сессиясида иштирок этгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон вакиллари мамлакатда геологик қидирув ишлари, рақамли геологик хариталар тайёрлаш ва ягона миллий геологик маълумот базасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган.
APP: Ўзбекистон CICA орқали савдо, транспорт ва инвестиция алоқасини кенгайтирмоқда

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” агентлиги Ўзбекистон Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA) доирасида экспортни кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини яхшилаш ва инвестиция жалб этиш имкониятини кучайтиришга интилаётганини ёритди.
Агентлик маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Афғонистоннинг улуши қарийб 53 фоизни ташкил қилди. МДҲ мамлакатлари билан савдо алоқаларида ўсиш кузатилиб, айланма ҳажми 2020 йилдаги 11,8 миллиард доллардан 2025 йил якунларига кўра 28,1 миллиард долларгача ошди.
Материалда транспорт йўлакларини ривожлантириш, Термиз мулоқоти, Каспий минтақаси портлари билан алоқа, рақамли логистика ва минтақавий ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдаги муҳим йўналиш сифатида кўрсатилган.
BелТА: Ўзбекистон – Беларусь форумида 420 миллион рубллик келишув ва шартнома имзоланди

Беларусь давлат ахборот агентлиги Хивада ўтказилган Ўзбекистон – Беларусь парламентлараро форуми доирасида икки кун давомида қарийб 420 миллион Беларусь рубли миқдоридаги келишув ва шартнома имзоланганини хабар қилди.
Агентлик маълумотига кўра, форумда Беларусь ва Ўзбекистон корхоналари ўртасида 59 та тўғридан-тўғри шартнома тузилган.
Шунингдек, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 550 та келишув амал қилаётгани қайд этилган. Форумнинг кейинги босқичини Беларусда ўтказиш режалаштирилган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА