Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Бу жараён мамлакатимиздаги ислоҳотлар, иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва медиа соҳасидаги янгиланишлар халқаро ахборот маконида қандай акс этаётганини кўрсатади.
БелТА: Беларусь ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида экспортдан қўшма ишлаб чиқаришга ўтмоқда

“БелТА” Беларусь ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилди.
Минскда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Юрий Горлов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ўртасидаги учрашувда аграр соҳадаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, январь-июль ойларида озиқ-овқат маҳсулоти ва қишлоқ хўжалиги хом ашёси бўйича товар айирбошлаш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиз ўсган. Беларусь экспорти 46 фоиз кўпайган. Асосий маҳсулотлар – гўшт, сут, шакар ва йирик шохли қорамол.
Нашр ёзишича, ҳамкорлик оддий экспорт муносабатидан технология трансфери ва қўшма корхона ташкил этиш босқичига ўтмоқда. Ўзбекистонлик сармоядорлар учун Беларуснинг уч вилояти 15 туманида жойлашган қарийб 30 қишлоқ хўжалиги корхонаси билан шериклик назарда тутилган лойиҳалар тўплами шакллантирилган. Томонлар логистика хаби ташкил этиш, селекция ва уруғчилик, сутни қайта ишлаш йўналишларида умумий саъй-ҳаракатни кучайтиришга келишиб олган.
APP: Ўзбекистон Россияда туристик салоҳиятини намойиш этди

Покистоннинг APP ахборот агентлиги Москвада Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабар берди.
“International Discussion Club Vision-3000” томонидан ташкил этилган тадбирда иштирокчилар мамлакатимиздаги тарихий ва маданий мерос, асосий сайёҳлик йўналишлари, замонавий туристик инфратузилма, сайёҳлар учун яратилган имконият билан таништирилган.
Қайд этилишича, тақдимотда Россия билан соҳадаги алоқани ривожлантиришга қаратилган очиқлик сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, 2026 йил дастлабки етти ойида мамлакатимизга россиялик сайёҳлар оқими тезлашганига урғу берилиб, жараённи янада кучайтириш чоралари муҳокама қилинган. Шу билан бирга, 25-27 ноябрь кунлари ўтказиладиган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳақида ҳам маълумот берилган.
WAM: Самарқандда ёш парламентарийлар рақамли ҳуқуқни ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилди

БААнинг WAM ахборот агентлиги Самарқандда ўтказилган Парламентлараро иттифоқ ёш парламентарийларининг XII глобал конференцияси доирасида рақамли ҳуқуқни ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинганини ёритди.
4-6 сентябрь кунлари ўтказилган анжуманда БАА Федерал миллий кенгаши аъзоси Сара Муҳаммад Фалакноз рақамли ҳуқуқ замонавий шароитда инсон ҳуқуқининг узвий давомига айланганини таъкидлаган. Шунингдек, рақамли муҳитда шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, кибер хавфсизлик, нотўғри ахборот, сунъий интеллект асосида яратилган ахборот ва дипфейк билан боғлиқ хатарга эътибор қаратган.
Ховар: Ўзбекистон ва Тожикистон партиялари ҳамкорлиги янги босқичда

Агентлик Тошкентда Тожикистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ўртасидаги учрашувни ёритди. Мулоқотда партиялараро муносабатни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва икки сиёсий гуруҳ ўртасидаги алоқа кўламини кенгайтириш масаласи кўтарилган.
Тожикистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Томонлар сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳа, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, партия тузилмалари тажрибасини ўрганиш бўйича шерикликни ривожлантиришга келишиб олган.
АНСА: Турин университети Ўзбекистонда илмий тадқиқотни кучайтирмоқда

Италиянинг АНСА нашри Турин университети ва Тошкентдаги Халқаро кимё университети ўртасидаги ҳамкорлик истиқболига эътибор қаратди.
Муайян келишувга кўра, юртимизда Турин университети таълим дастурларини йўлга қўйиш, хусусан ҳамширалик ва бошқа тиббий касблар бўйича мутахассис тайёрлаш имконияти кўриб чиқилган. Талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқот ва “Erasmus+” лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги маъқулланган.
Синьхуа: Охирги саккиз ойда Ўзбекистонга 9,1 миллион хорижлик сайёҳ келган

Хитойдаги ахборот ҳамкоримиз Ўзбекистонга хорижий сайёҳ оқими сезиларли даражада ошганига эътибор қаратди.
Қайд этилишича, январь-август ойларида мамлакатимиз 9,1 миллион туристни қабул қилган. Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,1 фоиз кўп. Шундан 7,7 миллион сайёҳ январь-июль ойлари оралиғида, 1,4 миллион эса август ойида келган. Ҳисобот даврида айни йўналиш бўйича хизмат экспортидан олган даромадимиз 4,6 миллиард долларга етган – 53,5 фоиз ўсиш.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА