Автомобиль бозорида танлов ўзгармоқда: бензин, электр ёки гибрид?
Мамлакатимиз автомобиль бозорида харидорларнинг танлови ҳам ўзгариб бормоқда. Энди гап фақат автомобиль маркаси ёки нархида эмас — унинг қандай ёқилғи ёки энергияда ҳаракатланиши ҳам муҳим мезонга айланган.
Бензинли машиналар билан бир қаторда электр ва гибрид автомобилларга бўлган қизиқиш ҳам бозорда ўз аксини топмоқда.
Хўш, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистонга қанча автомобиль олиб кирилди? Улар орасида қайси турдаги автомобиллар кўпчиликни ташкил этди? Харидорлар анъанавий бензинли автомобиллардан кўра электр ва гибрид моделларга кўпроқ қизиқяптими?
Миллий статистика қўмитаси маълумотлари мамлакат автомобиль бозоридаги бу ўзгаришларга рақамларда ойдинлик киритади.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистонга 29 та давлатдан қиймати 920,4 млн АҚШ долларига тенг бўлган 65 876 дона енгил автомобиль импорт қилинган.
Импорт қилинган енгил автомобиллар турлари бўйича:
электрда ҳаракатланувчи енгил автомобиллар — 46 749 дона;
бензинда ҳаракатланувчи енгил автомобиллар — 10 987 дона;
гибрид (бензин ва электр) енгил автомобиллар — 8 077 дона;
бошқа турдаги енгил автомобиллар — 63 дона.
Мазкур даврда Ўзбекистонга энг кўп енгил автомобиль етказиб берган давлатлар:
Хитой — 63 039 дона;
АҚШ — 765 дона;
Корея Республикаси — 737 дона;
Япония — 345 дона;
бошқа давлатлар — 990 дона.
Умуман, импорт ҳажми автомобиль бозоридаги талаб ва истеъмолчилар танловининг муҳим кўрсаткичларидан биридир. 2026 йилнинг январь–июль ойларида 65 мингдан ортиқ енгил автомобилнинг Ўзбекистонга олиб кирилгани ички бозорда транспорт воситаларига бўлган талаб юқорилигича қолаётганини кўрсатади.
Айни пайтда автомобиль танловида тежамкорлик, эксплуатация харажатлари ва замонавий технологиялар каби омиллар ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис бензинли автомобиллар билан бир қаторда электр ва гибрид транспорт воситаларига бўлган қизиқишнинг ўсиши бозордаги ўзгаришларни кузатиш учун муҳим кўрсаткич бўлиб қолади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА