Австралиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиқди
Австралиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводида юз берган ёнғин оқибатида вазият жиддийлашди. Ҳозирча қурбонлар ёки жароҳатланганлар сони ҳақида расмий маълумот берилмаган. Ҳодиса сабаби ўрганилмоқда.
Мельбурн шаҳри яқинидаги Гилонг ҳудудида жойлашган “Viva Energy" компаниясига қарашли "Corio" заводида 16 апрелга ўтар кечаси содир бўлган портлаш ва алангаланиш ҳақидаги хабардан сўнг воқеа жойига етиб келган фавқулодда хизмат ходимлари 13 соат давомида олов билан курашиб, вазиятни тўлиқ назоратга олди. Ўнлаб ишчилар вақтида хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Бу ҳодиса тўғрисида BBC хабар берган.
Австралия энергетика тизимида стратегик аҳамиятга эга мазкур завод Виктория штати ёнилғи эҳтиёжининг ярми, бутун мамлакат таъминотининг эса 10 фоизини ишлаб чиқаради. Гарчи, ҳозир мажмуа қисман фаолият юритаётган бўлса-да, ҳукумат вакиллари бензин ва бошқа ёнилғи турлари ишлаб чиқариш суръати пасайиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Энергетика вазири Крис Боуэн таъкидлашича, воқеа дунёдаги мураккаб геосиёсий вазият ва Эрондаги кескинлик ортидан келиб чиққан глобал ёнилғи инқирози даврига тўғри келгани боис, ички бозорга босимни янада кучайтириши мумкин.
Сўнгги ҳафталарда Австралияда дизель ёнилғиси нархи кескин кўтарилган, айрим ҳудудларда танқислик кузатилиб, аҳоли ўртасида ваҳимали харидлар кузатилмоқда. Авиация ёнилғиси қимматлашиши сабабли, авиакомпаниялар баъзи рейсларни қисқартиришга мажбур бўлди.
Дастлабки тахминга кўра, ёнғинга ускуналардаги техник носозлик сабаб бўлган. Айни пайт суриштирув давом этяпти. “Viva Energy” бош директори Скотт Уайтт маълум қилишича, олов икки бўлинмага зарар етказган. Шу боис, хавфсизлик чораси сифатида маҳсулот тайёрлаш ҳажми вақтинча камайтирилган. Экспертлар Сингапур, Жанубий Корея ва Малайзиядан амалга ошириладиган импорт ҳисобига таъминот узилишини маълум даражада юмшатиш мумкинлигини айтаётган бўлса-да, мавжуд захира хавф остида қолиши мутахассисларни ташвишга солмоқда. Гилонг мэри Стретч Контель юз берган ҳодисани минтақа саноати учун кучли зарба ва мисли кўрилмаган синов дея баҳолади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА