Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган эко-форумлар ўтказилмоқда
5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан жойларда бир қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари, “Табиат учун бирлашайлик” шиори остида эко-форумлар, учрашувлар ташкил этилмоқда.
Мазкур тадбирлар давомида бугунги кунда долзарблашиб бораётган экологик муаммолар ҳақида маълумотлар берилиб, уларнинг салбий таъсирини юмшатиш чоралари ҳақида фикрлар алмашилмоқда.

Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш, ёшларни табиатга дахлдорлик руҳида тарбиялаш, экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларига урғу қаратилмоқда. Айниқса, таълим муассасаларида экологик таълим-тарбияни кучайтириш, оиладан бошлаб экомаданиятни шакллантириш зарурлиги таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли ва ёшлар билан мулоқотлар давомида ёшларнинг экологик ташаббуслари ва таклифлари тингланиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан тавсиялар бериляпти.
Бу каби тадбирлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини янада кенгайтириш, табиатга нисбатан масъулиятни ошириш ҳамда аҳоли ва ёшларнинг экологик маданиятни юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА