Асоссиз тўловлар, сифатсиз хизматлар: истеъмолчилар ҳуқуқлари қанчалик ҳимояланмоқда?
Газ, электр ва сув — аҳолининг кундалик ҳаёти учун энг зарур хизматлар.
Бироқ, коммунал хизматлар соҳасида асоссиз қарздорлик ҳисоблаш, сифатсиз ичимлик суви етказиб бериш, газни белгиланган тартибда тақсимламаслик ва тарифларни шакллантиришда қонунбузилишларга йўл қўйиш каби ҳолатлар ҳали ҳам учрамоқда.
Энг ташвишлиси, истеъмолчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилишга, баъзан эса ўзлари тўламаган қарздорликни ҳам исботлашга мажбур бўлмоқда. Бу эса коммунал хизматлар соҳасида назорат, шаффофлик ва масъулиятни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Наманган ва Сирдарё вилоятларида қатор қонунбузилишлар аниқланди.
Жумладан, электр таъминотида қонунга зид расмийлаштирилган далолатномалар бекор қилиниб, истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилди.
Сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани, асоссиз газ қарздорлиги ҳисоблангани, суюлтирилган газни тақсимлашда белгиланган талабларга риоя этилмагани ҳамда сув тарифларини шакллантиришда камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди.
Натижада айрим ҳолатларда юқори қийматдаги асоссиз даромад аниқланиб, масъул ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Албатта, қонунбузилишларни аниқлаш ва асоссиз ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш ижобий натижа. Бироқ асосий масала — нега бундай ҳолатлар юзага келаётгани ва уларнинг такрорланишига йўл қўймасликда. Зеро, муаммонинг оқибатини бартараф этиш билан чекланиш эмас, унинг сабабларини аниқлаш, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъулиятини ошириш ва самарали назорат тизимини йўлга қўйиш муҳим.
Истеъмолчи ҳар бир сўм учун ҳақ тўлар экан, эвазига сифатли хизмат ва адолатли ҳисоб-китоб олиши шарт. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун доим шикоят қилишга мажбур бўлмаслиги, қонуний манфаатлари эса ҳар қандай вазиятда таъминланиши керак.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА мухбири